Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция тадбирларида иштирок этаётган Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеубердини қабул қилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди давлатимиз раҳбарига Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Бўлажак олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўриш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий кооперация лойиҳалари ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик дастурларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Афғонистондаги вазиятдан келиб чиқиб минтақа кун тартибидаги масалалар ҳамда август ойининг бошида Туркманистонда ўтказиладиган навбатдаги Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг Маслаҳат учрашувига тайёргарлик масаласи кўриб чиқилди.