“Туркистон” санъат саройида “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ташаббуси билан қўшиқчилик санъатида ёш истеъдод эгаларини излаб топиш мақсадида ўтказилган кастингнинг сўнгги босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган мазкур кастинг жараёнида Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларидан келган бир қанча ёш ижрочилар иштирок этишди.

Кастингда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, таниқли режиссёрлар ва соҳа мутахассисларидан иборат ижодий гуруҳ аъзолари ёш ижрочиларнинг овоз имконияти, куйлаш маҳорати, саҳнада ўзларини тутиш маданияти, мусиқада соз ва сўзнинг уйғунлигини ҳис этиши сингари бир қатор жиҳатларга эътибор қаратишган ҳолда ўз баҳоларини беришди.

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ахборот хизматининг маълумотига кўра, мазкур кастинг ғолибларининг имкониятларини тўлақонли юзага чиқаришлари учун соҳанинг маҳоратли вакиллари билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилади ва босқичма-босқич равишда уларнинг ижоди халқимизга тақдим этиб борилади.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА