Нукусда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентларига Қорақалпоғистон Республикасидан сайланган аъзолари учун ӯқув-семинари бўлиб ўтди.

Тадбирни Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Б.Алихонов бошқариб борди.

Бундан сўнг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси ӯринбосари Б.Матмуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Жӯқорғи Кенгеси қӯмита раиси З.Реймова сӯзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Оролбӯйи ҳудудини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, Оролнинг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш, аҳоли, шу жумладан ёшлар бандлигини таъминлаш, Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти ҳамда Президент сайловига тайёргарлик ишларининг боришига тӯхталди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020 – 2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясининг қабул қилиниши муҳим аҳамиятга эга бӯлди.

Қарорга мувофиқ, ҳар бир шаҳар ва туманнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда “ўсиш нуқталари” белгилаб олинди. Жумладан, қарор асосида 2788 та лойиҳа ва объектларда 21 триллион 209 миллиард сўмлик кенг кўламли ишлар бажарилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда дастурга киритилган жами 754 та лойиҳа ишга туширилиб, 4 минг 735 та янги иш ўрни яратилишига эришилди.

Жорий йилда мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида катта сиёсий воқеа – Президентлик сайлови бўлиб ўтади. Айни кунларда жойларда ушбу сайлов жараёнига катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Қайд этиш жоиз, ушбу сайлов илк маротаба янгидан қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ӯтказилади. Албатта ушбу сиёсий жараёнда ёшларнинг фаоллиги муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда жорий йилнинг 10-12 июнь кунлари Ӯзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилган ӯқув семинарида фаол иштирок этган ёшлар парламентлари аъзоларига сертификатлар топширилди.

– Тошкент шаҳрида бӯлиб ӯтган ӯқув-семинари менда катта таассурот қолдирди,–дейди Бӯзатов туманидаги 6-умумтаълим мактаби ӯқитувчиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси Илҳом Жаббарбергенов.

– Шунингдек, мамлакатимизда бӯлиб ӯтадиган Президентлик сайловига тайёргарлик, Сайлов кодексига киритилган ӯзгартириш ва қӯшимчалар бӯйича батафсил маълумотга эга бӯлдик. Келгусида олган билимимни, ёшлар соҳасидаги қонун ижодкорлиги, жамоатчилик назорати ҳамда ёшлар ўртасида ҳуқуқий ва сиёсий саводхонликни янада самарали тарғиб қилишга ҳаракат қиламан.

Тадбирда ёшлар парламентлари аъзолари ӯзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА