Хўжайли тумани ҳокимлиги биносида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг моддий таъминот бўйича ўринбосари полковник Зоир Бозорбоев қорақалпоғистонлик ёшлар билан учрашди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга хабар берди.

“Ёшлар ойлиги” доирасида ташкил этилган “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ўзгача кайфиятда ўтиб, таассуротларга бой бўлди.

Полковник Зоир Бозорбоев ёшлар билан суҳбатда нима учун айнан ҳарбийлик касбини танлагани, шарафли соҳада босиб ўтган машаққатли йўли, муваффақиятининг сири ҳақида сўзлаб берди.

Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, армиямизнинг куч-қудрати, ҳарбий хизматчиларнинг жаҳон ареналарида қўлга киритаётган улкан ютуқлари, юрт ҳимоячилари ва уларнинг оила аъзоларига берилаётган имтиёзлар, ижтимоий ҳимоя масалаларига оид маълумотлар ёшларнинг ҳарбийликка бўлган қизиқишларини янада оширди.

Суҳбатда мудофаа вазири ўринбосари ички ва ташқи меҳнат бозорларида кундан-кунга талаб ортиб бораётган қурилиш соҳаси мутахассисларини қисқа ўқув курси доирасида тайёрлаб берувчи Нукус шаҳридаги Қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш маркази фаолияти ва имтиёзлари ҳақида тўхталиб ўтди. Бу марказни ташкил этишдан кўзланган мақсад, мамлакатимиз ва халқимиз истиқболи учун аҳамияти борасида сўзлаб берди.

Мудофаа вазирлиги қўшинларида ўқув-жанговар машғулотлар мураккаблаштирилаётгани, топшириқларни тунги шароитда, нотаниш полигон ва ҳудудларда бажариш имкониятлари оширилгани, тактик ҳаракатларнинг янги усул ва услублари амалиётга самарали жорий этилаётгани таъкидланди.

Халқаро ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик доирасида йўлга қўйилган ҳар томонлама алоқалар натижасида нуфузли ҳарбий академиялар ва марказлар мутахассислари билан тажрибалар алмашилаётгани, ривожланган мамлакатлар мудофаа академиялари, стратегик тадқиқотлар марказлари билан алоқалар мустаҳкамланаётгани алоҳида қайд этилди.

Вазир ўринбосарининг ёшларга берган панду насиҳатлари, келгуси ҳаётда катта муваффақиятларга эришишлари учун билдирган тилаклари ўспиринларни улкан марралар сари руҳлантириб, келажак учун курашиш, олға интилишга мадад берди.

Хўжайли туманининг шижоатли ёшлари томонидан берилган саволлар ва таклифлар вазир ўринбосарида ҳам таассурот қолдирди.

Жумладан, жорий йилда мактабни тамомлаган Айсауле Ермекбаева олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагини билдирган ёшлар учун вазирлик томонидан қисқа ўқув курсларини ташкил этиш бўйича берган таклифи вазир ўринбосарига маъқул келди.

Полковник Зоир Бозорбоев бу таклиф, албатта, инобатга олиниши ва ушбу масала бўйича ижобий натижаларга эришилишига ваъда берди.

Учрашув давомида ҳарбийликка қиз болаларда ҳам қизиқиш борлиги яққол намоён бўлди. Хусусан, Альбина Амангелдиева вазир ўринбосарига қиз болалар ўртасида полигонларда ҳарбийлашган мусобақаларни ўтказиш бўйича берган таклиф ҳам инобатга олинди. Бу масалага ҳам вазир ўринбосари жиддий эътибор қаратиб, яқинда янги мусобақа ташкил этилишини билдирди.

Тадбирда фаол иштирок этган бир гуруҳ ёшлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Мудофаа вазири ўринбосари билан суҳбатдан ғайрату шижоати ичига сиғмай турган ёшлар меҳмонларни эсдалик учун фотосуратга тушишга таклиф этди.