Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро форумда иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг билан учрашди.

Мулоқотда мамлакатимиз томонидан Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Ўзбекистондаги ислоҳотларга юқори баҳолади. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-сессиясида Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги Бош Ассамблеянинг махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сургани алоҳида қайд этилди.

Юқори мартабали меҳмон Бухорода бўлиб ўтадиган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро форумнинг долзарблиги ҳақида ўз фикрини билдирди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Парламентлараро Иттифоқ ўртасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Мамлакатимизнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги ютуқлари, парламентнинг давлат органлари билан ҳамкорликда иш олиб бораётгани, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар қайд этилди.

– Ўзбекистон Парламентлараро Иттифоқ фаолиятида ўз фаоллигини намоён этаётгани алоҳида эътирофга сазовор, – деди Мартин Чунгонг.

Учрашувда мамлакатимиз БМТ резолюциялари ва қарорларининг амалий ижроси, уларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор қаратаётгани, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос экани таъкидланди.

 

Беҳруз Худойбердиев,

ЎзА