Бугун – 20 июнь куни 2021/2022 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш бошланди.

Бу йилги абитуриентларнинг ҳужжат топшириши жараёни давлатимиз раҳбарининг олий таълимга қаратаётган жиддий эътибори руҳида бошланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 16 июнь куни олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида олий таълимнинг сифати ҳамон пастлигича қолаётгани, ҳамюртларимиз бу тизимда коррупция ҳолати мавжудлигини эътироф этаётгани рўй-рост айтилди.

Дарҳақиқат, токи олий таълимда сифат жиҳатдан ўзгаришлар рўй бермас экан, билими ҳаминқадар битирувчи ижтимоий-иқтисодий жабҳалар ривожига ўзининг салбий таъсирини кўрсатаверади. Бу эса алал-оқибат мамлакат равнақи, унинг жаҳондаги нуфузи билан ҳам бевосита боғлиқдир.

Видеоселекторда қайд этилганидек, охирги 3 йилда олий таълим муассасалари сони 65 тадан 117 тага етди, қабул ўринлари 66 мингтадан 181 мингтага ошди. ОТМларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Хорижий мамлакатлар билан қўшма таълим дастурлари доирасида 64 та янги касб бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди. Профессор-ўқитувчиларнинг маоши ўртача 3,5 бараварга оширилди. Лекин ўқитиш сифати, фанларни оптималлаштириш, профессор-педагогик таркибни ортиқча қоғозбозликдан озод этиш, дарслик ва ўқув қўлланмаларини замон талабига мос тарзда янгилаш  билан боғлиқ муаммолар ҳам йўқ эмас.

Соҳага кўрсатилаётган эътибор натижасида бу йил янги-янги йўналишлар, имконият ва имтиёзлар яратилмоқда. Шу билан бирга, жорий ўқув йилида абитуриентлардан аввалги йилларга нисбатан анча кўп ҳужжат топширилиши кутиляпти.  Бу жараёнда ёшларга омад тилаган ҳолда, ҳаққонийлик, ҳалоллик ушбу масъулиятли паллада устувор бўлишига умид билдирамиз.

 

   Назокат Усмонова,

    ЎзА