Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ректори, профессор Байрамбай Отемуратов Россия Федерациясига хизмат сафари доирасида Кубань давлат университетига ташриф буюрди.

Университет ректори Михаил Астапов билан бўлиб ўтган учрашувда 2018 йилдан буён йўлга қўйилган ҳамкорликнинг самаралари тўғрисида суҳбатлашди.

Таъкидлаш жоиз, олий таълим тизимидаги ўзаро стратегик ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш мақсадида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикасининг қатор етакчи олий таълим муассасалари ташаббуси билан 2018 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган илк маротаба  Россия – Ўзбекистон таълим форумида икки олий таълим муассасаси ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланиб, амалий ишлар бошланган эди. Шу аснода Кубань давлат университетининг профессор-ўқитувчилари Нукус давлат педагогика институтига ташриф буюриб, талабаларга маърузалар ўқиб, анжуман ва семинарларда иштирок этди. 2019 йил институтнинг 10 нафар талабаси илмий раҳбарлари билан биргаликда Кубань давлат университетида ташкил этилган ёзги мактабда ўқиш ва амалий курсларни ўтиб қайтди. Шунингдек, ўтган 2020 йил февраль-июнь ойларида институтнинг икки нафар магистранти мазкур университетда олти ойлик алмашув дастури асосида билим ва кўникмаларини ошириб келди.

Учрашувда олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди. Чунончи, ҳамкорликда рус тили бўйича сертификат берувчи марказ очиш, унда Кубаньдаги машҳур профессор-ўқитувчилар иштирокини таъминлаш орқали халқаро сертификат беришни йўлга қўйиш, дефектология таълим йўналиши бўйича келгуси ўқув йилидан бошлаб «2+2» тизими доирасида қўшма бакалавриат дастурини ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Шунингдек, институт ҳузуридаги математикага ихтисослаштирилган мактабда Кубань давлат университети профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда ўкувчиларнинг билимини ошириш, олимпиадаларга тайёрлаш, шу билан бирга, икки олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари билан биргаликда дарслик, ўқув қўлланмаларини тайёрлаш,  нашр қилдириш масалалари бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан келишиб олинди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА