Мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни нишонланаётган шу кунларда академик Акмал Саидовнинг “Ғалаба боғи фалсафаси” китоби нашрдан чиқди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати маълумотига кўра, “Тасвир” нашриёти билан ҳамкорликда «KOLORPAK» МЧЖ босмахонасида ўзбек ва рус тилларида чоп этилган ушбу салмоқли китоб пойтахтимизда муҳташам “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси очилганининг 1 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.

Китобда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасининг яратилиш тарихи, мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида ҳикоя қилинган.

Муаллифнинг фикр ва мушоҳадалари аниқ далил ва рақамлар, тарихий ҳужжатлар, фотосуратлар, тегишли мавзудаги шеърлар ва тасвирий санъат асарларидан намуналар билан мустаҳкамланган.

Китоб Муқаддима, Хотима, 6 фасл ва 40 бобдан иборат. Нашрнинг сўнгги саҳифаларида Иккинчи жаҳон уруши йилларида «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвони, учала даражадаги «Слава» («Шуҳрат») орденига сазовор бўлган юртдошларимиз ҳамда ўзбекистонлик Иккинчи жаҳон уруши генералларининг рўйхатлари илова қилинган.

Кейинги йилларда Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган Ғалабага қўшган муносиб ҳиссасини чуқур ўрганиш ва кенг миқёсда тарғиб этиш давр талабига айланди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ҳеч шубҳасиз, ёш авлодни юксак гуманизм ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Н.Усмонова, ЎзА