Термиз шаҳрида Халқаро кураш ассоциацияси ижроия қўмитасининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати томонидан тақдим қилинган маълумотга кўра, йиғилишни Халқаро кураш ассоциацияси  президенти Ҳайдар Фармон олиб борди. Унда Осиё, Африка, Европа ҳамда Панамерика конфедерациялари вице-президентлари, шунингдек, Халқаро кураш ассоциацияси ижроия қўмитаси аъзолари иштирок этди.

Ижроқўм аъзолари курашни жаҳон миқёсида ривожлантиришнинг муҳим масалалари, шу билан бирга курашни турли қитъа ва минтақавий ўйинлар дастурига киритилишини муҳокама қилди.

Ижроия қўмитаси аъзолари курашни халқаро миқёсда ривожлантиришда  ҳар томонлама ёрдам бергани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Халқаро кураш ассоциациясининг фахрий Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди.

Бунинг исботи сифатида 2020 йил ноябрь ойида курашни жаҳон миқёсида ривожлантириш бўйича Президент қарори қабул қилинганлиги эътироф этилди.

Ижроия қўмитаси аъзолари курашнинг Ватани бўлган мамлакат – Ўзбекистон билан ўзаро алоқада бўлиш учун Халқаро кураш ассоциацияси янги вице-президенти лавозимини жорий этишга қарор қилишди.

Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фарман ушбу янги ташкил этилган лавозимга Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидовни тайинлашни таклиф қилди. Кенгаш аъзолари ушбу таклифни бир овоздан қўллаб-қувватладилар.

Халқаро кураш ассоциациясининг ижроқўм йиғилишида Ўзбекистон Республикаси туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов ҳамда МОҚ бош котиби Ойбек Қосимовлар ҳам иштирок этди.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА