Буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур таваллуд санасининг 685 йиллиги бу йил янада кўтаринки руҳда, байрамона тарзда нишонланмоқда.

Пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбони 9 апрель куни эрта тонгдан ижодкор зиёлилар, кенг жамоатчилик вакиллари, талаба-ёшлар билан гавжум бўлди.

Бу ерда Соҳибқирон ҳайкали ёдгорлигига элтувчи йўлакда ўз тақдирини юрт келажаги билан боғлаган ҳарбий-ёшлар саф тортди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис Сенати вакиллари, Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилот ва муассасалар вакиллари, талаба-ёшлар, ўқувчилар Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйдилар. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академиясининг ҳарбий оркестри ижросидаги куйлар тадбирга янада тантанавор руҳ бағишлади.

Шундан сўнг йиғилганлар истиқлол йилларида барпо этилган маърифат ва маънавият кошонаси – Темурийлар тарихи давлат музейига таклиф этилди. Ўқувчи-ёшлар учун бу масканда кун давомида экскурсия, очиқ дарслар ташкил этилган бўлса, олимлар иштирокидаги онлайн конференция Темур ва темурийлар тарихига қизиқувчи барча ҳамюртларимизда катта қизиқиш уйғотди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Фанлар академияси, Темурийлар тарихи давлат музейи, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди томонидан ташкил этилган конференция » Соҳибқирон Амир Темур – темурийлар ренессанси бунёдкори» мавзуига бағишланди.

Темурийлар тарихи давлат музейи директори,тарих фанлари номзоди Хуршид Файзиев, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов, Фанлар академияси Тарих институти директори Азамат Зиё мамлакатимизда янги тараққиёт босқичига қадам қўйилгани,жамият ҳаётида туб ижобий ўзгаришлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Айни пайтда миллий тарихимизни ўрганиш учун ҳам янада янги ва кенг имкониятлар эшиги очилди. Давлатчилик, ҳарбий маҳорат бобида улкан анъаналар яратган Соҳибқирон Амир Темур ҳамон дунё эътиборида экани диққатга сазовор. Хавфсизлик, адолат, тараққиётни устувор билган Амир Темур башарият тарихининг ажралмас қисмидир.

Мазкур конференциянинг мавзусида ҳам катта ҳикмат бор. Зеро, маънавий янгиланиш, Ренессанс масаласи мамлакатимиз учун стратегик масала, Ўзбекистон миллий ғоясининг муҳим жиҳатидир.

– Амир Темурнинг тарих саҳнасига келиши Марказий Осий халқлари учун ҳам ғоят муҳим ва катта аҳамият касб этди, – деди Афғонистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Ҳолид Элмий. – Унинг номи етти иқлимга кетган, жангларда бирор марта хам енгилмаган жаҳонгир сифатида тарихнинг олтин саҳифаларидан жой олган. Темур мўғул истилосига барҳам берган, ягона давлат тузган жаҳонгир шахсдир. У Уйғониш даврига туртки берди.Бу инсоний муносабатлар,адабиёт, шаҳарсозлик, меъморчилик , санъат, маданият ривожида беқиёс ўрин тутади.

– Амир Темур буюк давлат арбоби,Марказий Осиё халқларнинг фахру ифтихоридир, – деди ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Ян Хладик. – Темур ва темурийлар даври билан боғлиқ меъморий обидалар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатидан жой олган. Темурийлар даврига оид қимматбаҳо манбалар Испания, Буюк Британия ва бошқа давлатлар музейларида сақланиши Амир Темурга жаҳон миқёсдаги қизиқишдан дарак беради.

Анжуманда Темур ва темурийлар даври Ренесанси , Соҳибқирон бобомизнинг ҳаёт йўли, фаолияти, башарият цивилизациясидаги ўрни хусусида батафсил сўз юритилди.

Шу куни музейда «Мустақиллик йилларида Амир Темур ва Темурийлар даври тарихига оид нашр этилган китоблар», «Темурийлар тарихи давлат музейи нумизматика коллекцияси» мавзусида кўргазмалар ҳам ташкил этилди.

 

Назокат Усмонова, ЎзА