Тошкентда «Иннопром» халқаро саноат кўргазмаси доирасида бир қатор учрашув, бизнес-форум ва тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Пойтахтимиздаги “International Hotel Uzbekistan” меҳмонхонасида ўтказилган Ўзбекистон-Россия ишбилармонлар кенгашининг бешинчи йиғилиши улардан бири.

Икки томон ишбилармон вакиллари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси, Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон-Россия ишбилармонлар кенгашининг ҳамраиси Адҳам Икромов, Россия Федерацияси Савдо-саноат палатаси вице-президенти Дмитрий Курочкин, Россия Федерацияси ишбилармонлар кенгаши раиси, Жанубий-Урал савдо-саноат палатаси президенти Федор Дегтярев ва бошқалар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида қайд этди.

Бугунги тадбир ҳам икки мамлакат ишбилармон доиралари учун кенг ва қулай имконият яратиб, келгусида самарали натижаларга эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Кенгаш йиғилишида асосий эътибор икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида очиқ мулоқот платформаларини ташкил этишга қаратилди.

Шу сабабли, мамлакат ишбилармонлари соҳалари бўйича эришган ютуқлари ва келгуси режалари билан ўртоқлашди, турли соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар ўз маҳсулотлари ва хизматларини ҳамкорлик қилиш истагида бўлган тадбиркорларга намойиш этиб, ҳамкорликнинг афзалликлари ва унинг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашди.

– Корхонамиз 2018 йил ташкил этилган, – деди Намангандаги “Мексал” Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси раҳбари Одилжон Отабоев. – 36 нафар ишчи-ходим меҳнат қилаётган корхонамизда металлни қайта ишлаш ва пўлат трубалар ишлаб чиқарилмоқда. Россия томонидан 150 минг доллар миқдорида инвестиция киритилган ва янги технологиялар олиб келинган. Ҳозирги кунда маҳсулотларимиз фақат ички бозорга йўналтирилмоқда. «Иннопром» халқаро саноат кўргазмаси нафақат биз, балки бошқа маҳаллий корхоналарга ҳам кенг имкониятлар эшигини очади.

Қишлоқ хўжалиги, қурилиш, туризм, логистика, хизмат кўрсатиш ҳамда текстиль йўналишларида фаолият юритаётган тадбиркорлар ўртасида қизғин музокаралар ўтказилиб, бир қатор ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар имзоланди.

– Биз Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган халқаро кўргазмада “USM” холдинг гуруҳи таркибидаги “ИКС Холдинг”, “МегаФон” ва “Металлоинвест” компанияларнинг замонавий инновацион технологияларини намойиш этмоқдамиз, – деди “ИКС Холдинг” компанияси вице-президенти Станислав Киселев.

– Бу маълумотларни сақлаш тизимларининг сервер ускуналаридан тортиб, комплекс ечимлар билан якунланган энг замонавий истиқболли технологиялардир. Ўйлайманки, кўргазма барча иштирокчилар учун самарали бўлади.

Қайд этилганидек, очиқ мулоқотлар истиқболли лойиҳалар ва келишувларни ишлаб чиқишни ўз ичига олган ўзаро манфаатли йўналишларни аниқлаш ҳамда Ўзбекистон ва Россия ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг самарали форматини яратишга имкон берди.

Тадбир доирасида Россия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ва Ўзбекистон-Россия ишбилармонлар кенгаши ўртасида 2021 йилга мўлжалланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режаси имзоланди.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, Аъло АБДУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА