Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ва мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Пак Бён Сок бошчилигидаги парламент делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот аввалида Спикер Н. Исмоилов коронавирус пандемияси шароитида беморларни самарали даволаш, реабилитация қилишда Ўзбекистонга кўрсатилган амалий кўмак учун Корея халқига алоҳида миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон ва Кореянинг қадимий тарихий, дўстона алоқалари, аввалдан тараққий этган савдо-сотиқ муносабатларига тўхталиб, бу борадаги ишлар айни пайтда барча соҳалар бўйича фаоллашганини эътироф этди.

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида асосий ҳамкорларимиздан бири — Корея Республикаси билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтиришга тайёрлигимизни билдирган эди.

Айниқса, Ўзбекистон раҳбарининг 2017 йил ноябрь ойида Корея Республикасига давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни тубдан янги босқичга олиб чиқди. Ўзбекистон 2018 йилдан Корея Республикаси фуқароларига виза тизимини бекор қилгани ўзаро борди-келди фаоллашувига, ҳамкорлик юксалишига имкон берди. Қолаверса, ахборот технологиялари, рақамли тиббиёт, олий таълим ва маданият соҳаларида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди. Жанубий Корея тажрибаси мамлакатимизнинг мактабгача таълим тизимига кенг жорий этилмоқда.

Икки давлат алоқаларини мустаҳкамлашда парламентлараро муносабатлар ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Жумладан, 2017 йил сентябрь ойида Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чон Сэ Гюн бошчилигидаги делегация мамлакатимизга, 2018 йилда эса Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов бошчилигидаги Олий Мажлис қуйи палатаси делегацияси Корея Республикасига ташриф буюрди. Самимий ва конструктив руҳда ўтган музокаралар якунида парламентлар ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзолангани алоҳида эътиборга молик.

Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин 2019 йил 19 апрель куни мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф буюриб, икки мамлакат парламентлари ҳукуматлараро ҳамкорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишда давом этишига умид билдирган эди.

Навбатдаги музокара чоғида томонлар парламентлараро мулоқотни янада тараққий эттиришдан манфаатдор эканликларини қайд этди. Жумладан, икки томонлама ҳужжатларни ратификация қилишни жадаллаштириш бўйича мулоқот олиб бориш, парламент фаолияти соҳасида тажриба алмашиш, Миллий Ассамблея илмий-тадқиқот маркази билан Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ўртасидаги ҳамкорликни давом эттириш, қолаверса, парламентлар кутубхоналари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги таклифларни кореялик парламентарийлар қўллаб-қувватладилар.

Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Пак Бён Сок Ўзбекистон сўнгги йилларда иқтисодий-сиёсий жиҳатдан жадал ривожланаётган давлат сифатида дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаётганини эътироф этиб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларни юксак баҳолади.

— Икки мамлакат ўртасидаги дўстона, ўзаро ишончга асосланган алоқалар Корея ва Ўзбекистон раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли янада мустаҳкамланмоқда, — деди Спикер Пак Бён Сок. — Мамлакатингизга учинчи маротаба ташриф буюришим. Очиғини айтишим керак, сўнгги ташрифимдан сўнг, юртингиз ҳар жиҳатдан ўзгарганига, барча соҳаларда тараққиёт суръати сезиларли даражада ўсганига амин бўлдим. Бу мени ҳайратлантиради. Айниқса, Ўзбекистоннинг юқори ва қуйи палаталари парламентни ривожлантиришга, парламентлараро алоқаларни изчил йўлга қўйишга бор куч-имкониятларини ишга солаётгани менда катта таассурот қолдирди. Ҳозир Корея ва Ўзбекистон ўртасида шакллантирилган парламентлараро гуруҳлар кўмагида ўзаро муносабат янада ривожлантирилмоқда.

Корея парламенти вакиллари Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеяси махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси доирасида шу йил 24 июнь куни Бухоро шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган “Барқарор мақсадларга эришишда парламентлараро глобал шериклик” мавзусидаги халқаро форумга, 2021 йил 12-13 август кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Бутунжаҳон конференциясига таклиф этилди. Шунингдек, Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси аъзоларининг 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиши мамлакатимиз учун муҳим аҳамият касб этиши билдирилди.

Мулоқот чоғида Корея парламенти делегацияси аъзоларига Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг фаолияти, сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар, комиссиялар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, учрашувда икки мамлакат ўртасида парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, туризм, маданий-гуманитар каби соҳаларда ҳам ҳамкорликни янада ривожлантириш ва алоқаларни чуқурлаштириш юзасидан ҳукуматларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича қизғин фикр алмашилди.

 

ЎзА