Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатимизга ташриф буюрган Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф билан учрашув ўтказди.

Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатнинг жорий ҳолати ва истиқболини муҳокама қилди.

Вазирлар яқинда икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида бўлиб ўтган сиёсий маслаҳатлашув VI даврасининг самарали натижаcини мамнуният билан қайд этиб, барча даражаларда конструктив мулоқотни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.

Музокарада икки давлатнинг халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги муносабатига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш ва савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган минтақалараро транспорт-логистика лойиҳаларини амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.

Мулоқотда Афғонистон масаласи бўйича ҳам фикр алмашилди. Ўзбекистон томонидан Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклаш мақсадида тўғридан-тўғри афғонлараро музокараларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган амалий ишларни Эрон делегацияси аъзолари юқори баҳолади.

Учрашув давомида Эрон томони жорий йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги юқори даражадаги халқаро конференциясида иштирок этиш истагида эканлигини тасдиқлади.

Тадбирда умумий кун тартибининг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.