Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида шу спорт тури асосчиларидан бири Анатолий Харлампиев хотирасига бағишлаб ўтказилган самбо бўйича Жаҳон кубогида юртимиз спортчилари иккита олтин, олтита кумуш ва битта бронза, жами тўққизта медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни эгаллашди.

Мусобақанинг биринчи кунида спортчиларимизнинг битта олтин ва учта кумушга сазовор бўлганлиги ҳақида ёзганмиз. Иккинчи кунги баҳсларда ҳам қатор медалларга эгалик қилишди. Иккинчи кунда етти нафар ҳамюртимиз гиламга чиқди ва уларнинг беш нафари якунда медалларга сазовор бўлди.

Жумладан, -88 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Ихтиёр Эшмуродов барча рақибларини мағлубиятга учратган ҳолда шоҳсупадан жой олди. Шунингдек, самбо беллашувларида Сабина Давлатова (-50 кг) ҳамда Ҳусниддин Ҳусановларнинг (+98 кг) ҳар иккиси ҳам кумуш, жанговар самбо баҳсларида эса Ойбек Солиев (-64 кг) кумуш, Шерзодбек Исмонов (-79 кг) бронза медалларини қўлга киритди.

Якунда эркаклар терма жамоамиз мусобақада умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади. 1-ўрин Россияга, 3-ўрин эса Қирғизистон терма жамоасига насиб этди. Жанговар самбочиларимиз эса Россия ва Қозоғистондан сўнг умумжамоа ҳисобида учинчи ўриндан жой олди.