Президентимизнинг 3 март куни имзоланган “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ННТлар фаолиятида тарихий воқеа бўлди десак муболаға бўлмайди.

Чунки, ушбу Қарор орқали ННТлар учун кенг имкониятлар ва шарт-шароитлар яратилиши, уларни қўллаб-қувватлаш, фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалалари аниқ белгилаб берилди.

Хусусан, Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокчи ва ҳамкор сифатида ННТларнинг ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

1. 2021 йил 1 мартдан бошлаб:

ННТлар томонидан рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилган ҳолда хорижий манбалардан олинадиган пул маблағлари ва мол-мулкнинг бир календарь йилидаги жами суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан юз бараваригача оширилади;

ННТни қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати бир ойдан ўн беш кунгача қисқартирилади;

ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундирилмайди;

ННТнинг алоҳида бўлинмаси юридик шахс ҳисобланади, бунда алоҳида бўлинмаларни ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилинади.

2. Маҳаллий ННТларни ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш учун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига давлат субсидияси ажратиб борилади.

3. Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг умумий чекланган сони ҳамда уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари икки бараварга оширилади.

Ассоциация марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари зарур техника, автотранспорт воситаси, офис анжомлари, мебель жиҳозлари билан таъминланади ҳамда бошқа моддий-техника базаси мустаҳкамланади.

4. Ассоциация фаолиятининг асосий йўналишлари:

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини давлат органларида, судларда, халқаро, хорижий, шунингдек, бошқа ташкилотларда ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш;

нодавлат нотижорат ташкилотларини Ассоциацияга бирлаштириш, уларнинг фаолиятини йўналтириш, ривожлантириш, шунингдек, самарадорлиги ва сифатини оширишга кўмаклашиш;

нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, халқаро ва хорижий тузилмалар ҳамда давлат органлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда иштирок этиш;

нодавлат нотижорат ташкилотлари ташаббусларини амалга ошириш учун уларга қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шароитлар яратишга кўмаклашиш;

мамлакатда демократик жараёнларни барқарор ривожлантириш ва илгари суришда аъзолар ҳамда ҳамкорларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ҳамда соҳани тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларининг ташкилотни самарали бошқариш, молиявий барқарорликка эришиш, ижтимоий муҳим лойиҳаларни ишлаб чиқиш, ижтимоий шериклик ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, волонтёрларни, хайрия ва бошқа ресурсларни жалб қилиш, ижтимоий менежмент, ижтимоий тадбиркорлик йўналишларида салоҳиятини ошириш;

нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари учун қўлланмалар, ўқув дастурлари, китоблар, мамлакатимизга мос назарий ёндашувларни ишлаб чиқишдан иборат бўлади.

5. Қарорда белгиланганига кўра Ассоциация раҳбари бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси раисининг, Ассоциация ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари эса – ҳудудий жамоатчилик палаталари раисларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари масалалари бўйича жамоатчилик асосида фаолият юритадиган маслаҳатчилари ҳисобланади.

6. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳридаги “ННТ уйлари”га ижтимоий фаол ННТларни жойлаштириш Ассоциация тавсияномаси асосида амалга оширилади. Маълумот учун шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда “ННТ уйлари”га фаол ННТларни жойлаштириш тартиби мавжуд эмас.

Ассоциация бир ой муддатда кенг жамоатчилик таклифлари асосида ННТларни “ННТ уйлари”га жойлаштириш учун тавсиянома бериш тартибини ишлаб чиқади.

7. 2021–2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида фуқаролик жамияти институтлари фаоллари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги фуқаролик ташаббусларини амалга ошириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш, мавжуд муаммоларнинг ечими юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда шахсий билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилувчи коворкинг-марказлари ташкил этилади.

8. Ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат органлари ва ННТлар ўртасида 2021–2023 йилларга мўлжалланган ижтимоий буюртма лойиҳалари тайёрланади, улар давлат идораларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Албатта, бунинг натижасида давлат органлари ва ННТларнинг яқин ҳамкорлиги йўлга қўйилади, долзарб ижтимоий муаммолар ҳал қилинади.

9. Давлат органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари томонидан ННТнинг қонуний фаолиятига аралашганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

10. Ассоциация “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан биргаликда давлат ижтимоий буюртмалари рўйхатини, унинг ижрочиларини, ижро ҳолати ва эришилган натижаларни назарда тутувчи ижтимоий шериклик лойиҳаларининг ягона базасини яратади, уни юритади ҳамда расмий веб-сайтларига жойлаштиради.

11. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Ассоциациянинг буюртманомаларига кўра республикадаги олий таълим муассасалари талабалари тегишли таълим йўналишлари бўйича ишлаб чиқариш амалиётидан ўтиши учун Ассоциацияга мунтазам юборилади.

12. Ташқи ишлар вазирлиги Ассоциацияга турдош хорижий ННТлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишда, соҳа бўйича тажриба алмашиш учун уларнинг малакали мутахассисларини жалб этишда кўмаклашади.

13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бир ой муддатда тегишли молия, бандлик ва меҳнат муносабатлари органлари билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларининг тузилмалари ва уларнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари тасдиқланади.

2021 йилда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларидан мазкур жамоат фондларини сақлаш харажатларига ҳамда уларнинг асосий фаолият йўналишларини амалга ошириши учун 1,1 миллиард сўмдан кам бўлмаган маблағлар йўналтирилади. Ушбу маблағлар келгуси йилдан бошлаб янада ошиб боради.

14. Ассоциациянинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлинмаларига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида зарур шарт-шароитлар яратилган алоҳида хизмат хоналари ажратилади.

15. Ассоциация марказий аппарати ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Фурқат кўчаси, 1А-уй манзилида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Мухтасар айтганда мазкур қарор 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг асосий йўналиши сифатида белгиланган фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини оширишнинг асоси бўлиб хизмат қилади.

Ушбу қарор биз ННТлар вакилларига кўплаб имкониятлар ва ваколатлар бериши билан бир қаторда давлатимиз ва жамиятимиз олдида катта масъулият юклайди, албатта. ННТлар учун яратилаётган мана шундай имкониятлар ва шарт-шароитларга яраша барча ННТлар вакиллари “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғоясини юқори савияда амалга оширишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишларига ишонамиз.

Насимжон Алимов,

ЎзННТМА Кенгаши раиси.