Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ерали Тугжанов бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташрифи доирасида бугун пойтахтимиздаги Академик В.Воҳидов номли Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли ушбу давлат муассасаси

йилига стационар шаклда 8 минггача беморни қабул қила олади. Икки сменада ишлайдиган амбулатор-поликлиника эса суткасига 600 дан зиёд, йилига 120 000 фуқарога хизмат кўрсатиш қувватига эга. Илғор технологияларга асосланган замонавий тиббий жиҳозлар, хусусан, ташхис қўйиш ускуналари, ихтисослаштирилган жонлантириш хоналари билан таъминланган Марказда бугунги кунда жигар ва буйрак трансплантацияси, юрак клапанларини протезлаш сингари 10 дан ортиқ турдаги ўта мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилади. Шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги мавжуд 8 мингдан зиёд жарроҳлик амалиёти бўлимларига услубий ёрдам кўрсатилади.

Меҳмонлар Марказнинг Ангиокардиография лабораторияси, Кардиология маркази, Мультиспираль компьютер томографияси ва Магнит-резонанс томографияси ҳамда Маслаҳат-ташхис бўлимларини кўздан кечиришди. Уларга муассасада мижозлар учун яратилган шарт-шароитлар, тиббий ускуна-жиҳозларнинг имконияти ҳамда хизмат кўрсатувчи мутахассислар, ходимлар салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

– Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик азалий дўстлик, қардошлик ришталарига асосланган, — дейди Ерали Тугжанов. — Тан олиш керак, пандемия туфайли икки давлат соғлиқни сақлаш тизими фаолиятида кўплаб ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар юзага чиқди. Шу билан бирга мамлакатларимиз бу жараёнда ҳар бири ўзига хос, қимматли тажриба тўплашга ҳам муваффақ бўлди. Демак, бизда турли йўналишларда орттирилган ана шу тажрибаларни алмашиш имкони пайдо бўлди.

Албатта, биринчи навбатда ҳудудларимиздаги аҳоли турмуш тарзи сифатини ошириш лозим. Зеро, ҳар қандай давлатнинг асосий бойлиги айнан унинг халқидир. Бугун кун тартибига қўйилган масалалар орасида кишиларимизни зарур дори воситалари билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш каби қатор масалалар муҳим ўрин тутмоқда. Шу маънода мана бу республика жарроҳлик маркази фаолияти билан танишув биз учун айни муддао бўлди. Бизда кенг қамровли таассурот қолдирган ушбу муассаса билан тажриба алмашиш ҳамкорликдан кўзланган мақсадларимизга хизмат қилиши тайин. Бундан ташқари Ўзбекистон Шарқ тиббиёти, яъни халқ табобати йўналишида эришган юқори натижалардан ҳам ўрганадиган жиҳатларимиз бор.

Қозоғистон делегацияси аъзоларига Марказнинг илмий салоҳияти ҳақида ҳам сўзлаб берилди. Муассаса ҳузурида 2014 йилдан буён махсус илмий кенгаш фаолият юритади. Ўтган давр мобайнида бу ерда жами 123 та — 46 докторлик ва 77 номзодлик диссертацияси ҳимоя қилинган. Шу ўринда меҳмонларнинг алоҳида эътиборини тортган айрим маълумотларни келтириб ўтиш жоиз. Марказда ўтган йили Қозоғистон Миллий тиббиёт университети ходими, доцент Эркинбек Исмоилов ҳам ўз илмий ишини ёқлаган. Қолаверса, муассаса Олмаота шаҳридаги Миллий хирургия маркази ва Нур-Султон шаҳридаги Кардиохирургия маркази билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.

Бугун қардош давлат делегацияси вакиллари Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган махсус юқумли касалликлар шифохоналари ҳамда “Dentafill” МЧЖ фармацевтика заводи фаолияти, шунингдек мамлакатимиз фармацевтика саноати салоҳияти ҳақидаги тақдимот билан ҳам танишдилар.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА