Мана, ҳаммамиз кўрдик-билдик ва тан бердик: ҳар куни бир қилиқли қиш одатдагидек бу сафар ҳам азалий ҳунарини кўрсатди.

Аввалбошда ҳали куз тугамай туриб, унинг ўрнини эгаллаб олди. Кутилмаганда қаҳр отига миниб, расманасига қилич яланғочлади. Бутун борлиқни забтига олиб, одамларни ҳам, ҳайвоноту наботот оламини ҳам роса қийнади. Кейин қўққисдан айёрлиги тутди-ю, бирмунча мулойим тортди. Февраль ойи адоғида эса яна эски қилиғини такрорлади. Охирида кўклам нафаси уфураётганини илғагандай, у билан беллашса, албатта, мағлуб бўлишини англагандай, аввалги шаштидан қайтди. Мана, уч-тўрт кундирки, барча уринишлари зое кетганини тушуниб етиб, аста-секин ортга чекина бошлади…

Начора, бу ҳаргиз инсон хоҳиш-иродасига бўйсунмайдиган табиатнинг ўзига хос қонуни. Шу боис биз ҳар доимгидек унинг ёқимли-ёқимсиз инжиқликларига ҳам, фавқулодда ҳазилларига ҳам чидадик. Энг муҳими, қишдан сўнг албатта баҳор келишига, у ҳеч қачон ҳеч кимга хиёнат қилмаслигига умид боғладик. Ва кўнглимизда ниш урган инжа туйғулардан масрурланиб, уни кутиб олдик.

Шундайликка шундайку-я, бироқ ҳали қувонишга андак эрта. Чунки қиш ҳозирча ҳукмронлик тахтидан бутунлай воз кечганича йўқ. Қолаверса, у ўз номи билан қиш, қаҳри эса тошданда қаттиқ! Инчунин, хотиржамликка берилмаслигимиз, баҳор бошланиб, ҳаво илиганига алданмаслигимиз, машойихлар таъбири билан айтганда, гуппимиз қалин бўлса ҳам қишдан қўрқишимиз, аёз ортга чекинди, дея, зинҳор-базинҳор тўнимизни сотмаслигимиз керак. Ва яна йилнинг ёзи кетса – кузи, қиши ўтса, музи қолишини унутмаслигимиз керак!

«Қиш»га айланган «қис»

Ҳа, айтганча, шу ўринда бир савол: қулоққа чалингандаёқ дилни сескантирувчи, этни жунжиктирувчи «қиш» деган сўз қачон пайдо бўлган ўзи? У қайси тильдан олинган ва моҳиятан қандай маънони англатади?

Тарихий маълумотларга қараганда, аллазамонлар Марказий Осиё ҳудудида худди ҳозиргидек турли миллатга мансуб халқлар аҳил-иноқ яшашган. Улар дастлаб чорвачилик билан шуғулланишган. Илиқ-иссиқ мавсумларда молларини чор тарафи уфқларга туташиб кетган бепоён чўлу биёбонларда, дашту далаларда, қир-адирлару тоғларда бемалол боқишган. Серсаховат ва баҳаво бу сарҳадларни қозоқлар, қирғизлар, татарлар «жой, жоюв, жойилиб, жайлов, жайма», ўзбеклар эса «ёз, ёюв, ёйилма, яйлов, ёймоқ» деганлар. Бора-бора якдил тўхтамга келиб, ўт-ўланлар барқ уриб ўсадиган, ноз-неъматлар ғарқ пишадиган, одамзод ва паррандаю даррандалар яйраб-яшнайдиган «гилами» кенг фаслни мухтасаргина қилиб, ёз деб атаганлар.

Бироқ совуқ кунлар бошлангач, борлиқни қор қоплаб, қаҳратон авжига чиққан. У кучайгани сайин тирикчилик ва чорвачилик имкониятлари торайган, рўзғорда тақчилликлар юзага келган. Кечагина истаган жойида қўним топган одамлар энди жон сақлаш учун тор ўтовлару омонат кулбаларда тиқилиб-қисилиб яшашга мажбур бўлишган. Бундай дамларда ёшу қарини қишнинг тор ўчоғи ўзига тортган, уларнинг қўноғи ҳам, зиёфати ҳам олов бўлиб қолган. Ҳайвонот оламинингда ризқ-насибаси қийилган. Қўй, эчки, от, туя ҳамда буғулардан иборат отар, сурув, йилқи ва уюр подалари баъзан совуқдан катта талафот кўрган.

Ана шу боис кўп томонлама танглик ва қисилиб-қимтилиш кузатиладиган бу дамларни қозоқлар «қис» деб аташган. Бошқалар эса ушбу сўзнинг охирги ҳарфини ўз тилларида «ш» деб талаффуз қилишган. Алқисса, «қис» аста-секин «қиш»га айланган. Лекин асрлар оша бизга етиб келган «Ёз – ёзил, Қис – қисил», «Ёз – ёзилмоқ, қиш – қисилмоқ» каби мақолларда эски туркийча бу калиманинг асл шакли ва туб луғавий маъноси сақланиб қолган.

Баҳор билан ёз аслида қачон бошланади?

Шунга ҳамоҳанг яна бир гап. Фасллар ҳақида сўз кетганида, биз баъзан ,,Ёз келганини лайлак билар, қиш келганини – ола қарға», ,,Ғоз келгани – ёз келгани», ,,Савр кирмай, ёз бўлмас» каби мумтоз нақлларни ишлатамиз. Ҳолбуки, талай бошқа қушлар сингари оқ лайлагу ғозлар ҳам диёримизга ёзда эмас, ундан ўн-ўн икки ҳафта бурун учиб келишади. Савр эса Шамсий йил ҳисобидаги иккинчи ойнинг арабча номи бўлиб, биз амал қиладиган тақвим бўйича 22 апрелдан 21 майгача бўлган муддатни қамраб олади. Модомики, шундай экан, бу даврни ёзга йўйиш мантиқан тўғримикин?

Ҳа, тўғри! Гап шундаки, аждодларимиз биздан фарқли ўлароқ, йилни ҳар бири олти ойлик икки фаслга, яъни ёз ва қишга ажратишган. Бинобарин, эски туркий тилларда ,,ёз» сўзи ,,баҳор»ни билдирган. Юқорида келтирилган мақолларда ҳам ,,ёз» дейилганда, ҳозирги тушунчамиздаги тўкин-сочинлик фасли эмас, балки эрта кўклам назарда тутилган. Ишонмасангиз, ана, айрим тарихий қўлёзмаларни кўздан кечиринг, жилла қурса, «Бобурнома»ни бир варақланг, шунда уларда ҳам баҳор фасли ёз тарзида битилганининг шоҳиди бўласиз. Қолаверса, ҳозир ҳам халқ орасида йилнинг иссиқ иккинчи ярми кўпинча ёз деб таърифланади.

Эндиликда йил илмий нуқтаи назардан тўрт фаслга бўлинади. Уларнинг келинчаги саналмиш баҳор Курраи заминимизнинг Шимолий ярим шарида кўкламги кеча-кундуз тенглиги – 20-21 мартдан ёзги қуёш турғунлигигача, яъни кундуз энг узун, тун энг қисқа бўладиган 21-22 июнгача давом этади. Шартли равишда март, апрель ва май ойларини қамраб олади. Қуёш ёзги туриш нуқтасидан ўтаётган вақт – 21-22 июндан бошланадиган ва июнь, июль, август ойларидан иборат давр эса мўътадил минтақаларда ёз фасли саналади. Астрономик давомийлиги 93,6 суткани ташкил этади.

Куз Шимолий ярим шарда кузги тенг кунлик – 23 сентябрдан киради ва сентябрь-ноябрь ойларини ўз ичига олади. Даврийлиги роппа-роса 89 кеча-кундузга тенг қиш эса Қуёш қишки туриш нуқтасидан ўтаётган пайт, аниқроғи, 21-22 декабрдан зийнат ёйиб, баҳорга қадар чўзилади. Бизнинг ўлкамизда совуқ кунлар айнан қачон бошланишини халқимизнинг «Жавзо кирмай ёз бўлмас, қавс кирмай қиш бўлмас» деган гапидан билиб олиш мумкин. Чунки Шамсий йилнинг учинчи ойи жавзо 22 май – 21 июнга, тўққизинчи ойи қавс эса 22 ноябрь билан 21 декабрь оралиғига тўғри келади.

Фаслларнинг узлуксиз ва бир маромда алмашинувига шарқдан чиқиб, ғарбга ботгувчи Ер сайёрасининг қуёш атрофида айланаётиб, ўз йўлидан оғиши, шу асно бир сафар Шимолий қутбнинг, иккинчи сафар Жанубий қутбнинг офтобга бақамти келиши ва кўпроқ исиши сабабчи бўлади. Аммо табиатнинг зукколигию холислигини, тошу тарозини мудом тўғри қўя билишини қарангки, Шимолий ярим шарда кўклам чирой очганида Жанубий ярим шарда олтин куз ҳукм суради. Ёки аксинча, жанубга сахий куз ташриф буюрганида, шимолда баҳор қулф уради.

Қиш Ўзбекистонда хийла қаттиқ келади. Энг қаҳрли ой ҳисобланмиш январнинг ўртача ҳарорати текисликларда 10 даража совуқ, жануби-шарқда 2-3 даража илиқ бўлади. Мутлақ паст ҳарорат эса жанубда 25-30, шимоли-ғарбда 35-38 даража бўлади. Лекин текисликларда ҳам 15-20, тоғларда 5-10 даражали илиқ кунлар бўлиб туради.

Аямажуз олти кун, қаҳр айласа, қаттиқ кун

Табиийки, биз қишни ўз наздимизда гўёки 1 декабрдан 1 мартгача давом этади деб ўйлаймиз. Ўлкамизда умргузаронлик қилган қадимий аждодларимиз эса бу фаслнинг дебочаси 13 декабрь, ниҳояси 13 март деб ҳисоблашган ва унга «тўқсон» номини беришган. Ҳар эҳтимолга қарши яна ўн кун қўшиб, «сад пок» ҳам дейишган. Кўп йиллик кузатувлари натижасида аксарият йилларида «тўқсон»нинг сўнгги олти кунида қаттиқ совуқ тушиб, ер музлашини аниқлашган. Бу кунларни «Аямажуз» ёки «Шаша» (олти кун) деб аташган. Аямажуз арабча ,,айём» ва ,,ажуз» сўзларининг ўзаро қўшилиши – ,,айёми ажуз»дан ҳосил бўлган. Ўзбекчага ўгирсак, ,,кампир кунлари», рамзий маънода қишнинг охири дегани бўлади. Зеро, ушбу давр қишнинг якуни бўлгани учун ёшини яшаган, ошини ошаган табаррук момоларга қиёсланган.

Айрим манбаларда Аямажуз февраль ойининг адоғи ва март ойининг бошида рўй бериши ва етти кундан иборат эканлиги эслатилган. Қандайлигидан қатъи назар, унинг ўзига хос ажиб тарихи бор. 2001 йили «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат нашриётида чоп этилган «Маънолар махзани» китоби муаллифлари Шотурсун Шомақсудов ва Шуҳрат Шораҳмедовлар бунга далил сифатида буюк алломамиз Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асаридан бир парча кўчирма келтиришган. Унинг мухтасар мазмуни қуйидагича: шубот (февраль) ойининг ниҳоясида бир ҳафталик «кампир кунлари» бўлади. Кабисали йилда унинг тўрт куни шуботга, уч куни озор (март)га, кабисали бўлмаган йилда уч куни шуботга, тўрт куни озорга тўғри келади.

Кабиса йилини эса ўзингиз яхши биласиз: у февраль ойи 29 кеча-кундуздан иборат бўладиган, жами ойлар йиғиндиси эса 366 кунга тенг келадиган сана ҳисобланади ва ҳар тўрт йилда бир бор такрорланади.

Ровийларнинг нақл қилишларича, Қуръони Каримнинг Ал-ҳааққа сураси олтинчи-еттинчи оятларида баён этилган даҳшатли воқеа айнан шу кезларда рўй берган. Аллоҳ таоло қиёмат куни муқаррарлигига шак келтирган Од қавми устига пайдар-пай етти кечаю саккиз кунлик қутурган бўронни ҳоким қилиб қўйган. Оқибатда қавм аҳли кучли совуқ шамол гирдоблари ичра қирилиб битган. Фақатгина битта кампир тирик қолиб, ҳалок бўлганлар шаънига марциялар айтиб йиғлаган.

Бошқа фаразга кўра, қиш адоғида ҳаво исигач, бир кекса аёл иссиқ кийимларини ечиб ташлаган. Аммо тўсатдан тушган аёз туфайли жон таслим қилган. Тахминларга қараганда, ота-боболаримиздан мерос қолган «Тўқсон, бир кунимча йўқсан!» деган гап ўша аёл тилидан айтилган. ,,Аямажуз олти кун, қаҳр айласа, қаттиқ кун», ,,Аямажуз олти кун, олти ой қишдан қаттиқ кун», ,,Аҳмон-даҳмон олти кун, қаҳрига олса, қаттиқ кун», ,,Ажум момо олти кун, сакангласа – саккиз кун, тўқангласа – тўққиз кун», ,,Ёзнинг пашшасидан эҳтиёт бўл, қишнинг шашасидан» сингари бир-бирига уйқаш нақлларнинг барчаси шу муносабат билан яратилган.

Наврўздан кейин қаҳратон бўлмайди!

Яна бир гап. Одатда биз зумрад фаслнинг 25 декабрдан 5 февралгача бўлган даврини чилла деб атаймиз ҳамда уни, шунингдек, унинг давоми саналмиш, аҳмон ва даҳмон деб номланувчи йигирма кунни ҳам хатарли ҳисоблаймиз. Аслида эса қишнинг энг охирги кунлари ҳам бирмунча хавфли эканлигини унутиб қўямиз. Масалан, Шамсий йил бўйича 22 февралдан 21 мартгача давом этадиган сўнгги Ҳут ойини олайлик. У бошлангани ҳамоно табиат жонланади, тупроқнинг тафти кўтарилади. Бамисоли ер остига дуд, деҳқоннинг пайтавасига қурт киради. Далаларда экин-тикин мавсумига қизғин ҳозирлик кўрилади. Лекин Ҳут ҳар доим ҳам бирдек қулай ва қутли-баракали келавермайди. Гоҳо кунлар эндигина илиб, қорлар эриётган маҳали бехосдан қаттиқ совуқ тушади, ер юзасини қалин муз қоплайди. Устига-устак, бундай кезларда қишловга жамғарилган ем-хашаклар деярли тугаган бўлади. Оқибатда яйловларга чиқарилган чорва моллари тайинли емиш топиб еёлмай, очликдан нобуд бўла бошлайди. Қарабсизки, чорвадорлар қайғуриб айтганидек, ,,Ҳут – ют»га айланади.

Асрий кузатишлардан аён бўлишича, айни ҳолат ҳар ўн-ўн икки йилда бир такрорланади. Мучал ҳисоби бўйича асосан Қуён йилида рўй беради. Масалан, 1867-68, 1879-80, 1891-92, 1902-1903 йиллар қишидаги оғир «ют»лар туфайли Оқмола, Тўрғай ва Сирдарё вилоятларида чорва молларининг қарийб ярми бой берилган. Албатта, бу янглиғ кўнгилсизликлар бошқа вақтларда ҳам такрорланиши эҳтимолдан холи эмас. Чунончи, 1911-12 ва 1919-20 йиллардаги «ют» Тўнғиз ва Қўй йилига тўғри келган. Булар ҳақида «Маънолар маҳзани» китобида ҳам эслатиб ўтилган.

Дарвоқе, баҳор даракчиси саналмиш Ҳут яхши келса, ер эрта тобга келади, ўт-ўлан баравж ўсади. Моллар тўйиб, вазни ва маҳсулдорлиги ошади. Боғ-роғларга кўрк киради. Шу орада «тўқсон» ҳам тугаб, Наврўз келади. Наврўздан кейин эса қаҳратон бўлмайди, негаки, Ҳут ўрнини Ҳамал эгаллайди. Бу вақтда қиш уйқусини бутунлай тарк этган табиат аста-секин чирой очади. Экинлар жадал амал олиб, дарахтлар куртак отади, гуллар хушбўй атрин сочади. Бутун борлиқда уйғониш ва яшариш жараёни рўй беради. Демакки, юртимизда ҳақиқий кўклам бошланади.

Бугун биз худди ана шундай фарахбахш кунлар арафасида турибмиз, дўстлар!..

 

Абдунаби ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист