Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг ўн учинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама этилди.

Дастлаб “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди. Унинг мақсади давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган очиқ ва шаффоф, самарали ва яхлит тизимни яратишдан иборатдир.

Мажлисда амалдаги қонуннинг ижроси жараёнидаги мавжуд бўшлиқ ва муаммоларга эътибор қаратилди. Жумладан, харидлар аксарият қисмининг очиқлик ва шаффофликни таъминловчи ахборот-коммуникация тизимидан фойдаланмаган ҳолда амалга оширилиши, харид қилиш тартибини назорат қилиш тизимининг бугунги талабга жавоб бермаслиги ҳамда давлат харидлари соҳасидаги ҳужжатларга риоя этмаслик ҳолатларига йўл қўйишнинг кўпайиши каби камчиликлар учраётганлиги таъкидланди.

Натижада биргина 2019 йилда 2 триллион 908,1 миллиард сўмлик 729 та шартномада буюртмалар бўйича тендер савдолари ўтказилмасдан битимлар тузилишига йўл қўйилган.

Бу каби камчиликларга барҳам бериш мақсадида янги таҳрирдаги қонун давлат харидларига йўналтириладиган бюджет маблағлари ва бошқа марказлашган манбаларни мақсадли ишлатиш, ҳукуматнинг кафолатланган кредит ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, давлат секторини зарур товар, иш ва хизматлар билан таъминлашда қисқа муддатларда “нарх-сифат” кўрсаткичларини уйғунлаштириш, коррупцияга қарши курашишда самарали натижаларга эришиш каби долзарб масалалар ечимида муҳим ўрин тутади.

Қонуннинг маъқулланиши амалда бир-бирига зид бўлган талабларга барҳам берибгина қолмай, харидлар шаффофлигини таъминлаб, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли учун ҳам қулайлик яратади.

Мажлисда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларда назарда тутилган Барқарор инфратузилмани яратиш, умумқамровли ва барқарор саноатлашув ҳамда инновацияларга кўмаклашиш мақсадига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳукуматга парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда барқарор инфратузилмани яратиш, умумқамровли ва барқарор саноатлашув ва инновацияларни ривожлантириш йўналишларида айрим тизимли масалалар мавжуд.

Ушбу масалалар ва уларнинг ечими борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот олиш учун Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА