Юртимизда яшариш, янгиланиш фасли бўлган баҳор байрамлар билан бошланади. Баҳорнинг илк байрами 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунидир.

8 март 1908 йил биринчи маротаба Америка Қўшма Штатларида байрам қилинган. 1909 йилдан 1913 йилга қадар февраль ойининг охирги якшанбасида нишонланган. Дастлаб байрамнинг қайси куни нишонланиши борасида кўп чалкашликлар бўлган. 1911 йилдан Халқаро хотин-қизлар куни Германия, Австрия, Дания ва Швейцарияда 19 мартда нишонлана бошланган. Кейинчалик 12 май санасида нишонланган бўлиб, 1914 йилдан эса 8 март куни байрам сифатида белгиланган.

Бугунги кунда фаол, ўз касбининг устаси, ижодкор аёл ва қизларнинг жамиятимиздаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Аёлларнинг нозик диди, ҳар ишга қунт билан ёндашуви, табиатан саранжом-саришталиги уларнинг барча соҳаларда самарали меҳнат қилаётганининг сабабидир. Меҳрибон она, суюкли ёр, жонкуяр фарзанд бўлиши билан бир қаторда, аёлларнинг юртимиз фаровонлиги, халқимиз равнақи йўлидаги хизматлари ҳамиша мақтовга ва эъзозга сазовордир.

Ҳеч кимга сир эмаски, аёл зоти, унинг қандай тенгсиз латофат ва нафосат соҳибаси эканлиги, эзгулик ва фидойилик рамзи, хонадонларимизнинг файзу фариштаси ҳақида тарихимизда улуғ мутафаккирлар, шоир ва алломалар қанчадан-қанча дил сўзларини баён этганлар. Бу ҳақда гапирганда, аввало, буюк шоир, аллома Мир Алишер Навоий ҳазратларининг “Жаннат оналарнинг оёғи остидадир”, деган ҳикматли сўзларини яна бир бор эслаймиз ва меҳрибон, муқаддас она сиймоси қаршисида барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз.

Аёл азал-азалдан меҳр-шафқат ва садоқат тимсоли бўлиб келган. Аёл деганда, кўз ўнгимизда, аввало, улуғ ва табаррук она сиймоси гавдаланади. Инсон зоти борки, оламдаги барча яхшилик ва эзгуликларни, ҳаёт сиру асрорлари ва сабоқларини онанинг меҳру саховати туфайли ўрганади. Аёл борки, олам мунаввар! Аёл борки, ҳаёт гўзал ва мафтункор! Инсон, оила, аёл тушунчаларини бир-биридан ажралган ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Оилани ҳам, жамиятимизни ҳам бирлаштириб, унга файзу барака киритадиган, хонадонларимизни меҳр-муҳаббат, нафосат, эзгулик нури билан мунаввар қиладиган зотлар ҳам аслида мўътабар оналаримиз, мунис опа-сингилларимиздир. Чиндан ҳам, аёлларимизнинг оилада тутган ўрни беқиёсдир.

Оқила, гўзал аёллар ўзларининг ғамхўрлиги, меҳрибонлиги, қалби дарёлиги билан оиладаги, қолаверса, бутун жамиятдаги мувозанатни, поклик, ҳалоллик, самимият ҳамда адолат муҳитини сақлаб турадилар. Улуғ донишмандлар Ватанга энг муносиб таъриф сифатида уни она сиймосига қиёс этганликларида катта маъно бор. Дунёда “муқаддас” деган сўзга энг муносиб зот ҳам онадир. Онани эъзозлаш – бизнинг миллатимиз, халқимиз учун олий қадрият даражасига кўтарилган фазилат. Чунки аёлларни қанча улуғласак, ҳаётимизнинг чароғбони, умримизнинг гули, деб эъзозласак, демакки, оиламизни, Ватанимизни эъзозлаган бўламиз.

Мустақил Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузининг ошишида ҳам, турмуш тарзининг осудалиги, бахту саодатлилиги ва тотувлиги, олиб борилаётган ҳар бир бунёдкорлик, яратувчанлик ишларида ҳам аёлларимизнинг ақл-заковати, ўткир зеҳнининг мужассам эканлигини қувонч билан таъкидлаб ўтишимиз даркор.

Барчамизга аёнки, дунёда давлат ва жамиятнинг нуфузи, демократик тафаккури, маданий даражасини кўрсатадиган мезонлар кўп. Лекин ҳар қайси миллат ва халқнинг маънавий камолотини гўёки ойнадек акс эттирадиган шундай бир мезон борки, у ҳам бўлса, жамиятнинг хотин-қизларга бўлган муносабати, ҳурмати билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан қараганда, аёлларни улуғлаб, ардоқлаб, кўкларга кўтариб яшайдиган халқ ўзининг юксак маданияти ва олижаноб қадриятларини амалда намоён қиладиган халқ сифатида жаҳонда обрў-эътибор қозонади.

Шулар ҳақида гапирар эканмиз, аёлларимиз хонадонларимизда, маҳаллаларимиз, бутун юртимизда ҳар доим ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитининг, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт ўчоғининг энг кучли посбони бўлиб келган ҳамда бугун ҳам ана шундай фазилатлари билан инсонни инсон, оилани оила қилиб келмоқда, десак, янглишмаймиз.

Азиз опа-сингиллар, дилбар аёллар! Нафосат ва гўзаллик, лобарлик, зеболик Сизларни ҳеч қачон тарк этмасин. Оилангиз, фарзандларингиз ва яқинларингиз, элу юртимиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинг.

 

Мухлиса Ҳасанова,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”

журнали катта муҳаррири