Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида сиёсий партиялар ва маҳаллий Кенгаш депутатлари амалий ўқув курси ташкил этилди.

Ўқув партия ходимлари ва депутатларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ англаш, фуқаролар билан ўтказиладиган учрашувларда аҳолига ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва натижаларини одилона тарзда етказиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган. Курсда OʼzLiDeP, «Адолат» ва Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ва туман Кенгашлари вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгаш депутатларидан иборат учта гуруҳ учун машғулотлар ташкил қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Б.Матмуратов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Л.Сейтова, Қорақалпоқ давлат университети профессор-ўқитувчилари Г.Утемуратова ва Е.Қутибаева давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти, Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва жорий йилги «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг аҳамияти бўйича маъруза қилди.

– Сайловчилар билан жойларда учрашганимизда турли соҳалар бўйича масалалар ўртага ташланади,– дейди халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашидаги OʼzLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Аклима Сайпова.

– Муаммоларнинг аксарияти ижтимоий соҳага оид бўлиб, уларнинг айримларини батафсил ўрганиш, қонун доирасида кўриб чиқиш учун вақт талаб этадиган масалалар ҳам учрайди. Сайловчилар ишончини қозониш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш депутатлардан катта масъулият ва билим талаб этади. Шу нуқтаи назардан бу каби ўқувда олган билимимиз асосида сайловчилар ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишларини янада жадаллаштириш, уларнинг сиёсий жараёндаги фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур ўқувнинг биринчи босқичи 13 мартга қадар давом этади.

 

Довуд Абибуллаев,

ЎзА