Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамияти бошқа Институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан «Миллатлараро тотувлик ва барқарорликни таъминлашда ижтимоий шерикликни кучайтириш» мавзусидаги давлат грантининг 5-танлови натижалари эълон қилинди.

Унда «Бағрикенгликка барчамиз масъулмиз» лойиҳаси билан иштирок этган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги Республика ёш олимлар Кенгаши ННТ давлат грантига лойиқ, деб топилди. Мазкур лойиҳа ёшлар орасида миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, жамиятда дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, жипслик, инсонпарварлик ва бағрикенглик маданиятини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Лойиҳа ёшларни инсон ҳуқуқларига эҳтиром билан муносабатда бўлишга, инсонларнинг фақат ўз манфаатларини кўзлаб эмас, балки бошқалар ҳам ўз ҳуқуқларига эга эканлигини тан олиб яшашни англашга ўргатади.

Маълумки, мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилиб келмоқда. Уларнинг тинч-тотув, аҳиллигининг гарови миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик эмасми? Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонида «Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар» деб номланган бешинчи йўналиш доирасида миллатлараро муносабатлар соҳасидаги сиёсатнинг устувор йўналишлари концепцияси ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилганлигини таъкидлаш лозим.

Эндиликда грант лойиҳаси доирасида «Бағрикенгликка барчамиз масъулмиз» деб номланган содда ва тушунарли шаклда махсус қўлланма тайёрланади.

Республика ёш олимлар Кенгаши ҳудудий ташкилотлар билан ҳамкорликда ёшларнинг молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган семинарлар ташкил этиб боради. Бағрикенглик мавзусида илмий иш билан шуғулланиш истагини билдирган ёшлар билан ҳамкорликда ишланади. Улар илмий фаолият билан шуғулланувчи тажрибали олимлар ва тадқиқотчиларга бириктирилиб «Устоз-шогирд» анъаналари йўлга қўйилади. Натижада ёшлар ҳам назарий, ҳам амалий, ҳам илмий билимларга эга бўлади, илмий билимларини бойитади.

Мазкур грант орқали жамиятда кўп миллатли катта оила ҳис-туйғусини кучайтириш, республикамизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувликни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш каби олий мақсадларга эришилади.

 

ЎзА