Бугунги кундаги давлатлараро муносабатларда минтақавий ҳамкорлик ва интеграция масалалари тобора муҳим ўринни эгаллаб бормоқда.

Глобал иқтисодиётнинг ривожланиш тенденциялари ва улар келтириб чиқараётган оқибатлар давлатларни биринчи навбатда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга эътибор қаратишга ундамоқда. Бунда, ҳозирги замонавий шароитларда, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, айниқса, маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари иштирокини кенг миқёсда таъминлаш давлатлар олдида турган асосий вазифалардан биридир. Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида, давлатлараро иқтисодий интеграция жараёнлари икки давлатнинг ҳудудий бирлашмалари ҳамкорлигидан бошланишининг мақсадга мувофиқлигидадир. Чунки, давлатлараро муносабатларда маълум бир масалаларни консенсус асосидаги ечимини топиш мақсадида, олдин тор қамровли ҳудудий интеграцияни йўлга қўйиш ҳамда ушбу интеграция келтирган ижобий натижалар орқали кенг қамровли интеграцион жараёнларга киришиш мумкин.

Ўзбекистон Республикасида маҳаллий вакиллик органлари вазифасини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари бажаради, ҳамда улар ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги ва «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонунларига асосан олиб боришади. Сўнгги йилларда, Ўзбекистон Республикасида ҳам маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2020 йил 21 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисидаги нутқида «Маҳаллий кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва уларнинг иш сифатини ошириш» бўйича ўз таклифларини берди.Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан билдирилган мазкур таклифлар асосида ва «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурининг 15-бандида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида 2020 йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг «Халқ депутатлари кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди.

Мазкур қонун орқали «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги ва «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонунларига халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини такомиллаштиришни назарда тутувчи тегишли ўзгартишлар киритилди. Қолаверса, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурининг 266-бандида трансчегаравий ҳамкорликда маҳаллий вакиллик органларининг ролини кенгайтириш белгиланди. Мазкур банддаги вазифаларнинг белгиланиши мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг давоми ҳисобланади. Хусусан, трансчегаравий ҳамкорликни янада ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги «Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинган, ҳамда мазкур Фармонда чет элдаги ватандошларимиз билан мунтазам ва ўзаро фойдали муносабатларни йўлга қўйиш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатларни ва маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашда «халқ дипломатияси»нинг ўрни алоҳида эканлигига урғу берилган. Ундан ташқари, «халқ дипломатияси» механизмларидан ҳар томонлама фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги «Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ташкил этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3807-сон Қарори қабул қилинди. Мазкур Қарорда Ўзбекистон Республикасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик бериш, ҳамда марказнинг ШҲТ доирасидаги ҳар томонлама миллатлараро ва халқаро алоқаларининг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурининг 266-бандида белгиланган вазифалар мамлакатимизда амалга ошириб келинаётган демократик ислоҳотларнинг давоми ҳисобланиб, бугунги кунда ўта долзарб аҳамият касб этмоқда.

Авваламбор, мазкур банд, трансчегаравий ҳамкорликнинг энг долзарб масалаларини ҳал қилишда маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари халқаро фаолиятининг устувор йўналишларини белгилашни назарда тутиши билан аҳамиятли ҳисобланади:

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 99-моддасига мувофиқ «вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари бўлиб, улар давлат ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб ўз ваколатларига тааллуқли масалаларни ҳал этишлари» белгиланган. Яъни, давлат ва фуқароларнинг манфаатлари доирасига кирувчи трансчегаравий ҳамкорлик ҳам, аслида халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатлари объекти ҳисобланади ва мазкур банднинг амалга оширилиши орқали халқ депутатлари Кенгашининг шу пайтгача фойдаланмай келинаётган ваколатларини жонлантириш мақсад қилинган. 103-моддаси иккинчи хатбошида «вилоят, туман ва шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этиши, улар бўйича халқ депутатлари Кенгаши томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниши» белгилаб қўйилган. Бунда, халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан тақдим этиладиган ҳисоботлардан келиб чиққан ҳолда халқ депутатлари Кенгаши тегишли қарор қабул қилиши лозим бўлади. Мазкур ҳисоботлар ҳам, ўз навбатида, халқ депутатлари Кенгашлари томонидан давлат ва фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларига мос трансчегаравий ҳамкорлик ташаббусларининг амалга оширилишига хизмат қилади.Шу ўринда, Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурининг 266-бандида маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари халқаро фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш вазифасининг конституциявий асослари мавжудлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Қолаверса, бугунги замонавий инновацион технологиялар билан ривожланаётган янги Ўзбекистонда ҳам «халқ дипломатияси»нинг роли ортиб бормоқда. «Халқ дипломатияси» деганда давлатлараро ва халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, миллатлараро маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, давлатнинг халқаро жамоатчилик алоқаларини кенгайтириш тушунилиши мумкин. Бунда, давлатнинг олий ва ҳудудий вакиллик органлари ҳамда бевосита халқнинг ўзи асосий роль ўйнайди. 2020 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикасида «Парламент дипломатияси Концепцияси»нинг тасдиқланиши эса янги Ўзбекистонда «халқ дипломатияси»ни янада ривожлантириш орқали ташқи сиёсий фаолиятда ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини янада кенгроқ ифодалаш имкониятини бермоқда. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, айтиш мумкин-ки, трансчегаравий ҳамкорликда маҳаллий вакиллик органларининг ролини кенгайтириш ташқи сиёсатида ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг манфаатларини акс эттиради. Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш мақсадга мувофиқ бўлар эди, бугунги глобаллашиб бораётган дунёда ҳар бир инсоннинг ўз хоҳиш-истаклари

ва талаблари мавжуд, ҳаттоки бир давлатнинг ҳудудида яшаб келаётган инсонларнинг ҳудудлар кесимидаги шарт-шароитлари, эҳтиёжлари ва ҳаётдаги мақсадлари турлича бўлиши мумкин.Маҳаллий вакиллик органларининг трансчегаравий ҳамкорликдаги ролининг кенгайтирилиши эса айнан мана шундай ҳудудлар кесимидаги фуқароларнинг манфаатларини халқаро муносабатларда ҳимоя қилиш ва акс эттиришнинг умумэътироф этилган демократик механизмларини яратиш имконини беради.

Ундан ташқари, қўшни ҳудудларнинг вакиллик органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги шакллари, усуллари ва механизмларини ишлаб чиқишни назарда тутиши билан долзарб аҳамият касб этади:

«2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар»нинг 9.1-бандида «иқтисодий ривожланиш ва одамлар фаровонлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида сифатли, ишончли, барқарор ва чидамли инфратузилмани, шу жумладан, ҳудудий ва трансчегаравий инфратузилмани ривожлантириш, бунда барча учун арзон ва тенг ҳуқуқли фойдаланишни таъминлаш» белгиланган. Сўнгги йилларда, Ўзбекистон Республикасида ҳудудий ва трансчегаравий инфратузилмаларни ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш йўналишида бир қатор самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда. Мисол учун, 2020 йилнинг 7 октябрида видеоконференц алоқа форматида бўлиб ўтган туркман-ўзбек ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишида озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотлари логистикаси соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 2021 йилнинг 13 февраль куни Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси томонидан Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари ва “SFS Global Trade” турк компаниясининг бош директори ўртасида видеоконференц алоқа форматидаги музокаралар ташкил этилди. Музокаралар давомида Бухоро вилоят тадбиркорларининг Туркия минтақалари билан заргарлик соҳаси, электротехника саноати, туризм ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Ундан ташқари, 2021 йилнинг 21 февраль куни ўзбек-қозоқ чегарасидаги «Ғиш-Кўприк» божхона назорат пункти ҳудудида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири ва Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда, ўзаро алоқаларнинг долзарб масалалари қаторида трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ

чора-тадбирларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди. Мазкур ҳолат, маҳаллий ижроия ҳокимияти ва вазирлик даражасидаги трансчегаравий ҳамкорлик йўлга қўйилганлигини кўрсатади, ҳамда трансчегаравий ҳамкорлик масалаларида эндиликда асосий вазифалардан бири ушбу жараёнга маҳаллий ҳокимият вакиллик органларини ҳам жалб этиш масаласи ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, айни дамда Ўзбекистон Республикаси трансчегаравий ҳамкорлик масалаларида очиқлик, дўстоналик, ҳамкорлик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш ва миллий манфаатларга мос сиёсат олиб бораётганини таъкидлаш мумкин. Маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг қўшни ҳудудлар вакиллик органлари билан ҳамкорлигининг янги шакллари, усуллари ва механизмларининг ишлаб чиқилиши, олиб борилаётган трансчегаравий ҳамкорлик жараёнларида халқ томонидан сайланган қонуний вакилларнинг мазкур жараёнларда ўз фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилиши, уларнинг манфаатларини трансчегаравий ҳамкорлик даражасида кўтариб чиқиши ва айниқса трансчегаравий алоқаларда маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари назоратининг ўрнатилишига хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкин-ки, трансчегаравий ҳамкорликда маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари ролини кенгайтириш, улар халқаро фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш, қўшни ҳудудларнинг вакиллик органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги шакллари, усуллари ва механизмларини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикасида «халқ дипломатияси» механизмларини ривожлантирган ҳолда, қуйидаги ижобий натижаларга олиб келиши мумкин:

биринчидан, замонавий босқичдаги халқаро муносабатларда «халқ дипломатияси» механизмларининг роли тобора ортиб бормоқда ва трансчегаравий ҳамкорликда маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг ролини кенгайтириш Ўзбекистон Республикасининг қўшни давлатлар билан узоқ истиқболли масалаларини ҳал этишда ҳар бир фуқаронинг манфаатларини инобатга олиш ҳамда масалани тинч йўл билан ҳал этишга имконият яратади;

иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси минтақаларининг қўшни ҳудудлар билан алоқаларида фуқаролар томонидан сайланган қонуний вакилларнинг назоратини ўрнатади;

учинчидан, Ўзбекистон Республикаси минтақаларига хорижий инвестицияларни жалб этишнинг янги механизмларини яратиш орқали, ҳудудларнинг ривожланишида ўз ҳиссасини қўшади;

тўртинчидан, Ўзбекистон Республикасининг халқаро муносабатларида маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари томонидан ҳар бир фуқаронинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди.

 

Амирбек КEНЖАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари

институти етакчи илмий ходими