Жорий йилнинг 10 ва 11 февраль кунлари Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА нинг uza.uz сайтида агентлигимиз мухбири Ирисмат Абдухолиқовнинг: ўзбек ва рус тилларида «Диққат, янги рукн: “Менинг таклифим!”, «Внимание, новая рубрика «Мое предложение!» номли мақоласи  эълон қилинган эди.

Унда Орол денгизи  қуриши оқибатида республикамизда юзага келган  вазият ҳақида сўз боради.  Мақолада  вазиятдан чиқиш йўлларидан бири сифатида Ўзбекистон  тадбиркорлари томонидан улкан океан кенгликларидан бир ёки бир неча оролларни харид  қилиниши ҳақида сўз боради.

ЎзА мухбири  томонидан  илгари сурилган таклиф катта қизиқишга сабаб бўлди,  мақола  қатор Интернет сайтлари томонидан қайта эълон қилинди.  Агентликка  ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга оид  фойдаланувчиларнинг фикр-мулоҳазалари, хатлари ҳамда аниқ  таклифлари  келиб тушди. Масалан, телевидениедаги  сиёсий шарҳловчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Турсун Каратаев ушбу мақола юзасидан ўзининг асосларини келтиради. У uza.uz  сайтида  2021 йил 26 февралда эълон қилинган ўз мақоласида шундай деб ёзади: “ Биз орол денгизини қайтариб бўлмайдиган даражада йўқотдик, қанчалик афсусланарли бўлса ҳам тан олиш керакки, биз  денгиз ёки океанга чиқа олмаймиз. Бу ҳолатда  оролларни сотиб олиш – вазиятдан чиқиш йўлларидан бири.  Биз  орол сотиб олиш  орқали денгиз ёки океанда кичик ер бўлагини харид қилибгина қолмай,   миллий балиқчилик  флоти, балиқни  қайта ишлаш  саноати, янги иш ўринларини ташкил қилиш, инсонларни иш билан таъминлаш учун қирғоқ  сотиб олган, энг муҳими  – 35 миллион нафарлик республикамиз аҳолисининг балиқ ва бошқа денгиз маҳсулотларига бўлган  эҳтиёжини қондирган бўламиз”.

Энди масалага қайтсак. sravni.ru сайтида эълон қлиинган  маълумотга кўра,  Тинч океани кенгликларда  қарийб етти минг  ороллардан  ташкил топган ороллар дунёси яширинган бўлиб, у Океания деб аталади. Ушбу ўзига хос масканни  харид қилиш у қадар қийин иш эмас.  Сайтда эълон қилинишича, бугунги кунда ниҳоятда  гўзал оролларни  сотиб олиш мумкин. Масалан, тропикларда жойлашган кичик бир хусусий  оролча, пойтахтда жойлашган  хонадон нархидан  қиммат бўлмаслиги ҳам мумкин. 

Таъкидлаш жоизки, ўзингизнинг шахсий оролингизга эгалик  қилишингиз ҳашаматнинг  энг юқори даражаси ҳисобланади. Саноқли инсонларгина бундай қила оладилар. Махсус элита кўчмас мулк  агентликлари оролларни сотиш ишларини ташкиллаштиришади. Ер куррасида ўз жаннати бўлиш истагидаги  бой-бадавлат инсонлар, миллионер ва  миллиардерлар  ана шундай  харидорлардан саналади.  Бироқ, мутахассисларнинг қайд этишларича, аксарият ҳолларда  оролда ажойиб курорт ёки  денгизда дам олишни ҳоҳловчилар учун  бошқа бир ҳашаматли  объект  қуришни режалаштираётган  қурувчи ҳам мана шундай харидорлардан бири ҳисобланар экан.

Миллиардерларнинг  бундай ҳашаматни харид қилишлари тушунарли ҳол. Агарда у қадар бой бадавлат бўлмаган инсонлар,  денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакат  тадбиркорларининг  орол харид қилишга  эҳтиёжлари бўлсачи?  Агарда бу давлат образли қилиб айтганда, ёпиқ  доирада,  сув йўллари бўлмаган қуруқликдаги мамлакатлар қуршовида бўлсачи?  Ана шундай давлат дунёга чиқиши учун улар икки, баъзан учта  қўшни давлатнинг рухсатномасини олишлари керак бўлади. Сайёҳлар, бошқа расмий  ва норасмий делегациялар, ва албатта бугунги  кунда  юз минглаб нафарни ташкил этаётган меҳнат мигрантлари билан ҳам аҳвол шундай.

Денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган давлат аҳолиси  турли қулайликлар ва имкониятлардан маҳрум бўлади. Фуқаролар дунёга чиқиш  учун  иккита, баъзан  учта қўшни мамлакатларнинг  ҳудудидан кесиб  ўтишларига тўғри керади.

Сотувга  қўйилган ороллар ажойиб табиати ва иқлими, денгиз неъматларининг мўллиги билан ажралиб туради. Булар маржон ороллари ёки  вулқонлар  оқибатида юзага келган ёҳуд бир пайтлар қитъанинг  бир қисми бўлган  ороллар бўлиши мумкин.

Келинг  фактларга мурожаат қилсак. Ҳа айтганча,  бугунги кунда фақат битта Интернет сайти Финляндия,Мальдива,Греция, Россия, хусусан Волгада оролларни харид қилишни таклиф қилади.

Ер  куррасининг турли  бурчакларидаги ўз харидорини кутаётган  ороллар қуйидагилардир:

Mavuva Island ороли. Унинг нархи турли ҳисоб-китобларга кўра, 75 минг АҚШ долларидан  125  минг АҚШ долларигачани ташкил этади.

Mavuva Island  Фиджи  архипелаги яқинида ажойиб денгиз  лагунасида жойлашган. Оролнинг майдони 42 акр ёки 170 квадрат километрни ташкил этади. Ҳудудда ноёб  ўсимлик ва ҳайвонот турлари  яшайди. Оролни  харид қилса бўлади,  у ерга бориш қийин эмас –  Вануа-Леву (Фиджи) оролидан  оддий қайиқда  10 дақиқада бориш мумкин.

Frigate Caye ороли. Унинг нархи– 225 минг АҚШ доллари.

Мўъжазгина  оролча  Марказий Американинг  Белиз мамлакати қирғоқларида Кариб денгизида жойлашган. Frigate Caye оролининг майдони 1,4 акр ёки 5,7 квадрат километрни ташкил этади. Бу ернинг бой тропик табиати  ранг-баранг денгиз олами билан бирлашган. Бу жой  балиқ  ови ишқибозлари ва сув остида шўнғишни хуш кўрувчилар  учун ажойиб маскан.  Бундан ташқари, Frigate Caye оролида саёҳат кемаси ва байдаркада  ҳам сайр қилиш мумкин.

Deadman Caye ороли.  Унинг нархи 249  минг АҚШ долларини ташкил этади.

Deadman Caye кичик бир қисми Кариб денгизида Белизнинг ёнгинасида жойлашган. Deadman Caye  оролининг майдони  1,5 акр ёки 6 квадрат километрни ташкил  этади. Орол  қалин пальма дарахтлари билан  қопланган, қирғоқда қумлоқ пляж ёйилиб ётипди. Маржон қоялар Deadman Caye оролини  денгиз тўлқинларидан ҳимоя қилади. Денгиз бўйида қирғоқларида балиқ жуда мўл.   Оролда шунингдек, дайвинг ва  снорклинг учун ҳам қулай жойлар бор.

Tahifehifa ороли. Унинг нархи – 299  минг АҚШ  доллари.

Бу  оролчани  Тинч океанидаги Тонга архипелагидан  харид қилиш мумкин.  Tahifehifa  оролининг майдони  атиги 1,09 акр ёки 4,4 квадрат километрни ташкил этади. Орол маржон полипларидан иборат  қоялар билан ўралган. Бу дайвинг ва  снорклинг билан  шуғулланиш учун ажойиб  шароит яратади.  Соҳилда қумли пляж ястаниб ётипди. Бу ер ҳайвонот олами  бой ҳудуд ҳисобланади:  қушлар, денгиз тошбақаларининг минглаб турлари бор. Tahifehifa  оролида жуда гўзал  манзарали жойлар кўп, қирғоқдан туриб  очиқ океанда сузаётган китларни  томоша қилиш мумкин.  Бу ер экологик туризмни  ривожлантириш учун  истиқболли жой ҳисобланади.

 Cane Key ороли. Унинг нархи 360  минг АҚШ  долларини  ташкил этади.

Кокос пальмалари экилган  бу кичкина орол Панама давлати қирғоғида жойлашган. Cane Key  оролининг майдони– 3,4 акр ёки 13,7 квадрат километрни ташкил этади. Орол ҳудудида ҳаёт учун  зарур бўлган бинолар  қад ростлаган.  Бу ерда қулай ва сокин  кўрфаз бор. Cane Key  оролига доимий равишда  қатнайдиган вертолётда бориш мумкин.

…Кўриб турганингиздек, орзу амалга ошиши мумкин. Бунинг учун мўъжазгина  оролчани харид қилиб, ажойиб  иқлим, океан шабадаси ва ранг-баранг  табиатдан баҳра олиш, ҳамда  балиқ ови, дайвинг, илиқ  денгиз сувида сузиш билан шуғулланиш кифоя.

Қайд этиб ўтамиз,  дунёда бутун орол давлатлари  бор. Иккитаси   қисман ХХР (Хитой Халқ Республикаси) ва Шимолий Кипр Республикасининг ҳудуди сифатида тан олинган, бештаси  бошқа давлатлар билан  эркин боғлиқликда (Кука  ва  Ниуэ ороллари – Янги Зеландия, Микронезия Федератив Штатлар билан, Маршаллов ороллари ва  Палау –  АҚШ билан)

Шундай қилиб, биз сизнинг фикр-мулоҳазаларингизни кутамиз.

Истак ва таклифларингиз,  мулоҳазаларингизни  pochta@uza.uz манзилига  ёки abduxoliqov.i@uza.uz. электрон почтасига юборишингизни сўраймиз. 

Тел.: +998 71-252-61-49 (хизмат телефони), +998 90-917-02-42 (қўл телефони).

 

ЎзА