Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов ва АҚШ Миллий гвардияси бюроси раҳбари генерал Дениел Хокенсон икки мамлакат миллий гвардиялари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларига бағишланган онлайн-музокара ўтказди.

 Тадбирда Миссисипи миллий гвардияси қўмондони генерал Женсон Бойлз ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон Миллий гвардияси 2017 йил август ойида Президент фармонига мувофиқ тузилгани ва мамлакат Қуролли Кучлари таркибига кириши ҳақида маълум қилинди. Ушбу идора оммавий тадбирлар пайтида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, давлат, ўта муҳим ва бошқа объектлар, шу жумладан, чет давлатларнинг дипломатик миссиялари ва консуллик идоралари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ваколатхоналарини ҳимоя қилиш вазифаларини бажариши билдирилди.

Ўзбекистон Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги ва мудофаасини таъминлаш, терроризм ва экстремизм хавфининг олдини олишда иштирок этиши, шунингдек, табиий ва техноген фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этишда ҳам кўмаклашиши таъкидланди.

Ўзбекистон Миллий гвардияси хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, уларнинг замонавий таҳдидларга қарши туриш тажрибасини ўрганиш мақсадида мунтазам равишда хорижий шериклар билан учрашувлар, тренинглар ва машғулотлар ўтказаётгани алоҳида қайд этилди.

Хусусан, жорий йил февраль ойида Жанубий Корея, Италия, Буюк Британия, Россия, Туркия ҳарбийлари билан музокаралар ташкил этилди, шунингдек, АҚШ ҳарбий хизматчилари билан қўшма машғулотлар ўтказилди.

Генерал Дениел Хокенсон, ўз навбатида, АҚШ Миллий гвардияси 1636 йилда тузилган ҳарбийлаштирилган тузилма эканини маълум қилди. Ҳар йили 60 мингга яқин киши ушбу тузилмага хизматга киради. Улар қўшинларда тайёргарлик курслари, тренинглар ва машғулотлардан ўтади. Мамлакатда сафарбарлик ёки фавқулодда ҳолат эълон қилинганда, Миллий гвардия бўлинмалари АҚШнинг доимий қўшинлари таркибига киритилади.

Ҳозирда Америка Қўшма Штатларининг барча минтақалари губернаторлари COVID-19га қарши курашиш жараёнига 42 мингга яқин Миллий гвардия хизматчиларини жалб қилган. Улар маҳаллий ҳокимият идораларига нафақат дори-дармон ва озиқ-овқат етказиб бериш, балки аҳолини коронавирусга тест синовларидан ўтказиш ва эмлашда ҳам ёрдам бермоқда.

Дениел Хокенсон Миссисипи Миллий гвардияси ва Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ўртасидаги шериклик алоқаларининг изчил кенгайиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

2012 йилда Пентагон томонидан Миссисипи штати Миллий гвардияси Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг шериги этиб белгиланганидан сўнг Ўзбекистон-Миссисипи кўп қиррали алоқалари изчил ривож топмоқда.

Миссисипи Миллий гвардияси қўмондони генерал Женсон Бойлз Ўзбекистон Президенти 2018 йил сентябрь ойида Миссисипидан сайланган конгрессмен Трент Келли ва уни қабул қилганини мамнуният билан эсга олди.

Ж.Бойлзнинг сўзларига кўра, айнан мазкур учрашув Ўзбекистон ва Миссисипи штати ўртасида нафақат ҳарбий, балки бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ришталарини ҳам фаоллаштириш учун асос яратди. Ўшандан бери ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон ҳукумати вакиллари Миссисипида бўлди, штат губернатори Филипп Брайянт АҚШ минтақалари раҳбарлари орасида Ўзбекистонга биринчи бўлиб ташриф буюрди, Зарафшон ва Клинтон шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилди, Тошкент давлат аграр университети ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Миссисипи давлат университети ва Алкорн давлат университети ўртасида академик ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Элчихона маълумотига кўра, АҚШ Миллий гвардияси бюроси раҳбари генерал Дениел Хокенсон билан ўтказилган музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Миллий гвардияси делегациясининг АҚШга ташрифини ташкил этиш, шунингдек, Миссисипида ҳар йили ўтказиладиган «Жанубий зарба» машғулотларида Ўзбекистон вакилларининг иштироки тўғрисида келишувга эришилди.

 Абдулазиз РУСТАМОВ тайёрлади