Халқимизнинг суюкли шоираси Зулфия ижоди, ибратли фазилатлари, ҳаётий қарашлари билан ҳали-ҳамон кўпчилик қизлар учун намуна олишга арзирли ижодкор сифатида ёдга олинади.

Айни пайтда унинг номи, ижоди, бутун фаолияти баҳор, аёл меҳр-садоқати, жонажон Ўзбекистонимиз, мафтункор табиат билан уйғун, десак муболаға бўлмайди.

Ҳар йили мамлакатимизда баҳорнинг илк куни Ўзбекистон халқ шоираси Зулфия таваллуди билан уйғун нишонланади.

Бугун Алишер Навоий номидаги Миллий боғи Адиблар хиёбонидаги Зулфия ҳайкали пойида адабиёт мухлислари, ёзувчи ва шоирлар, кенг жамоатчилик вакиллари, талаба-ёшлар жам бўлди.

Мамлакатимизда жамиятда аёл-қизларнинг мавқеини тобора юксалтириш, уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масаласига долзарб вазифа сифатида ёндашилмоқда. 26 февраль куни Президентимиз ўтказган видеоселектор йиғилишида аёллар, қизларнинг ҳаётий муаммо ва ташвишларини енгиллатиш борасида белгилаб олинган амалий чоралар бунинг яна бир ёрқин исботидир.

Аёл ижодкорларга бўлган эътибор миллий адабиётимизда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Айниқса, устоз шоира ва адибаларнинг ижодий меросини ўрганиш, аёл шоираларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга катта аҳамият қаратилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маърупова, Тошкент тиббиёт академияси проректори Турдиқул Бердимуродов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Муҳтарама Улуғова ва бошқалар атоқли шоира Зулфия ижодида Ватанни, одамларни, табиат, борлиқни севиш, қадрлаш, ҳаётнинг, қадрдонларнинг қадрига етиш, меҳр-садоқат, чин инсонийлик, самимият тараннуми муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилган муаззам Адиблар хиёбони ёш шоира қизларимиз учун ҳам шеърият, маҳорат, истеъдод, нафосат майдонига айланди.

Яхши ниятлар, эзгу мақсадлар билан мамлакатимизда кўп йиллар аввал таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти истеъдодли қизларга топширилмоқда. Бугунги давр қизларнинг наинки ушбу мукофотга, балки камтарлик, чин одамийлик, оддийликда, ҳалолликда ибрат бўлган Зулфияхонимдек ижодкорга муносиб издош бўлишни талаб этмоқда.

Тадбирда шоира Зулфия Мўминова устозга бағишланган шеърини ўқиб берди. Шоира ва таржимон Бегойим Холбекова Зулфиянинг шеърларини инглиз тилида ўқиди. Халқимизнинг ардоқли шоираси номидаги давлат мукофотлари соҳибалари ўз ижодидан намуналар айтишди.

Зулфия хонадонининг оила аъзоси Лола Муҳиддинова бугун ҳам ижодкор меросига катта эътибор қаратилаётганини, давлатимиз томонидан устоз шоира ижодини, хотирасини эъзозлаш борасидаги катта эътибор учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.

Адабиётшунос олимларнинг фикрича, Зулфиянинг «Далада бир кун» , «Тонг қўшиғи» номли шеърлар туркуми, «Мен тонгни куйлайман», «Юрагимга яқин кишилар», «Куйларим сизга» тўпламларида Ватан мадҳи, меҳнат жараёнида фидокорлик кўрсатаётган кишилар ҳаёти жўшиб куйланади. Унинг «Сўроқлайди шоирни шеърим», «Ойдин» , «Қуёшли қалам» каби очерк ва достонлари Ҳамза Ҳакимзода, Ойбек, Ойдин, Ҳамид Олимжон каби устозларнинг ёрқин хотирасига бағишланган. Зулфия Ҳамид Олимжоннинг «Семурғ», «Зайнаб ва Омон» достонлари асосида пьеса ва опера либреттосини ҳам яратган. Зулфия «Уйлар», «Шалола» каби шеърий мажмуалари учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти совриндори бўлган эди. Ҳинд мавзуидаги шеърлари учун Жавоҳарлал Неру номидаги халқаро соврин, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи асарлари ҳамда тараққийпарвар Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатидаги фаол иштироки учун халқаро «Нилуфар» мукофотига сазовор бўлганди. Шоира Ҳиндистон, Югославия, Шри Ланка, Миср, Бирма, Австрия каби мамлакатларда бўлди. У 1956 йилда Осиё ва Африка ёзувчиларининг Деҳлида ўтказилган биринчи конференциясида қатнашиб, машҳур «Мушоира» асарини яратди.Унинг шеърлари рус, инглиз, немис, ҳинд, болгар, хитой, араб, форс ва бошқа тилларга таржима қилинган. Шоира Некрасов, Лермонтов, В. Инбер, Леся Украинка, Эди Огнецвет, М. Дилбозий ва бошқа чет эллик ижодкорлар асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган.

– Зулфияхоним таваллуди айёми юртимиз бўйлаб кенг нишонланиши яхши анъанага айланган, – деди «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси Зулфия Мўминова.– Эътиборга молик жиҳати, бу сана йил давомида адабиёт, шеърият байрамига айланиб кетади.

Тошкент тиббиёт академияси талаба қизларининг адабий-бадиий дастури намойиш этилди.

Тадбир иштирокчилари Зулфия ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.

Бу каби тадбирлар мамлакатимиздаги барча ўқув масканларида, кутубхоналарда, маҳаллалар, ижодий ташкилотларда давом этмоқда.

Назокат Усмонова, ЎзА