8 март – Халқаро хотин-қизлар куни

 

Мўйноқлик марҳума Калбике Жиемуратова 50 йил давомида, умрининг охирги кунларигача Мўйноқ тумани кўп тармоқли шифохонаси бош гинекологи лавозимида фаолият юритиб келган.

У ярим аср давомида 50 мингга яқин Оролбўйи чақалоқлари дунёга келишини кўрган. У 500га яқин санавияда (вертолёт ва “АН-2” самолётида) Оролбўйи ҳудудининг энг чекка қишлоқларида чақалоқларнинг соғ-саломат дунёга келишида иштирок этган.

Шифокор аёл 1946 йил 12 декабрда таваллуд топган. Ёшлигиданоқ доя бўлишни ният қилган. Болалиги очарчилик йилларига тўғри келди. Иккинчи жаҳон уруши тугаган бўлсада, аммо у етказган талафотлар инсонлар қалби, ҳаётини ҳали-ҳамон тарк этай демасди. Ёшлигидан меҳнатга ўрганган қиз ака-укалари бўлмагани сабабли уйда эркак киши қиладиган барча ишни ўзи бажарарди.

Тақдир уни мактабни тугатганидан сўнг синфдошлари билан Самарқанд давлат тиббиёт институти томон бошлаб борди. Қорақалпоғистондан борган ўн беш киши ичидан фақат 3 нафаригина ўқишга киришга муяссар бўлди. Уларнинг бириси Қалбике Жиемуратова эди.

Ўқишни муваффақиятли тугатган у доялик касбини эгаллади.

У учун доялик осон кечмади, ҳамиша энг оғир шароитларда ишлашга мажбур эди. Уйқусиз тунлар, инжиқ об-ҳаво, шароити йўқ шифохоналар… Айрим пайтлари иш куни 24 соатдан иборат бўларди. Чунки у икки йил давомида туманда бир ўзи акушер бўлиб ишлаган, мутахассилар етишмасди…

Шифокорнинг ҳаётида синовли даврлар кўп бўлди. Тунни тонгга улашлар, эшик қоқувчиларнинг тунда ҳам тинмаслигига оила аъзолари ҳам ўрганиб қолган эди. Шифокор аёл фарзандни онаси қўлига тутқазиб, уйига қайтиб келмагунча улар ҳам мижжа қоқмай ўтирарди.

Шундай кунларнинг бирида, тун қоронғусида эшик қаттиқ тақиллади. Турмуш ўртоғи кўчага отилди. Дарвоза олдида ҳовлиққанча бир киши турарди. Аёли дард кўраётганини айтди. Шифокор аёл катта ўғли билан мотоциклда икки соатлик йўл юриб, чўпонлар яшайдиган “Қизил қалъа” деган жойга етиб борди. Чиндан ҳам онанинг аҳволи оғир эди. У камқонлик касали бўла туриб, она бўлаётганди. Бундай касаллик билан фарзанд кўриш ҳалокатли эди. Овулда ҳеч қандай шароит ҳам йўқ. На электр чироғи, на тиббиёт асбоблари бор. Шам ёруғида доя она-боланинг саломатлиги учун бор кучи, сабр-қаноати, маҳоратини ишга солди. Янги қиз меҳмон дунёга келди. Чўпон ота хурсандчилигидан катта қўйни мотоциклга юклаб қўйган. Аммо овулдагилар шифокор бундан қаттиқ ранжигани, холис хизмат қилишга ўрганган аёл ўзи каби бир онанинг соғ-саломат фарзандини бағрига босиб олгани учун шукроналар айтиб уйига қайтганини эслашади.

Автобусда туғилган қизалоқ, бўқоқни енган она ва бола, шам ёруғида, шароити йўқ чекка ҳудудларда дунё юзини кўрган овул болалари… Доя аёлнинг кундалигида бу каби ажиб воқеалар, ҳайратланарли вазиятлар, мураккабликларга йўғрилган жараёнлар бисёр.

Марҳума Қалбике Жиемуратова умри давомида қилган хизматлари учун Қорақалпоғистондаги 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган “Ўзбегим аёли – 2020” миллий мукофотида “Довюрак аёл” унвонига сазовор бўлган эди. Фидойи аёл ўтган йили 75 ёшида вафот этди.

Е.Қаноатов, ЎзА