Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан жорий йилги Давлат дастуридаги олий таълим тизимига оид вазифаларни самарали бажаришнинг аниқ механизмларини жорий этиш мавзусида конференция ўтказилди.

Қўмита томонидан Давлат дастурининг 227-240- бандларида назарда тутилган вазифалар бирма-бир муҳокама этилди.

Давлат дастурининг 238-бандида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган олий таълим муассасаларига берилган ваколатлар ва ҳуқуқларни қайта кўриб чиқиш белгиланган. Тадбирда мазкур тизимнинг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш учун кўрилган чора-тадбирлар таҳлил қилинди.

Шунингдек, мазкур бандда республикадаги 30 та етакчи давлат олий таълим муассасасига ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ҳуқуқи берилган.  Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш марказининг жараённи мувофиқлаштиришдаги ўрни ва ролини янада кучайтириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ҳам кўриб чиқилди.

Давлат дастурининг 232-бандига мувофиқ, ОТМлар қамровини ошириш йўналишида кейинги йилларда талабалар контингенти ўртача 3 борабарга ошганлиги таъкидланди. Бу эса, ўз навбатида, олий маълумотли бўлиб, келажакда юқори малакали кадр бўлмоқчи бўлган ёшларга катта имконият эканлиги айни ҳақиқатдир. Бироқ, мазкур жараёнда таълим сифати даражасининг ошишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Бунинг учун юқори малакали ва илмий салоҳиятли профессор ўқитувчилар сонини ошириш орқали улар орасида соғлом рақобатли муҳитни яратиш ва шу билан бир қаторда талабаларнинг таълим олишга бўлган маъсулиятини ошириш лозимлиги қайд этилди.

Тадбирда депутат М.Ибрагимов олий таълим муассасаларига танлов асосида ишга қабул қилишда профессор-ўқитувчиларга қўйилаётган шартларни кучайтириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар берди.

Давлат дастурини амалга оширишга оид фармоннинг 4-бандига асосан “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали нуфузли хорижий олийгоҳларнинг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилади. Хорижда бакалавриат таълим дастурлари бўйича ўқитиш тизими жорий этилиб, 2021 йилда 100 нафар ёшларнинг хорижга таълим олиш учун юборилиши, шунингдек «Эл-юрт умиди» жамғармаси бир ой муддатда давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича аниқ чоралар ишлаб чиқиши белгиланган.

Қўмита аъзоси М.Валиевнинг фикрига кўра, хорижий олийгоҳларнинг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар ўртасидаги танловлар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кесимида ўтказилиши зарур. Бу эса ҳар бир ҳудудда хорижий олийгоҳларда илмий ишлар билан шуғулланувчи ёшларнинг ошишига олиб келади. Натижада ҳудудларлаги олий таълим муассасалари илмий салоҳияти ва хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилади.

Шунингдек, депутатлар битирувчилар қатъий БМИ ёки мутахассислик фанидан давлат имтиҳони топшириши, табақалаштирилган тўлов-қонтракт тўловларини жорий этиш, ишлаб чиқариш корхоналарини олий таълим муассасалари таълим йўналишлари ўқув дастурларини ишлаб чиқишга жалб қилиш, сиртқи таълим йуналишларига фақат иш стажига эга талабаларни қабул қилиш ҳақида таклифларини бердилар.

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА