Қорақалпоғистон Республикасидаги чорвачиликка ихтисослаштирилган Бўзатов туманида аҳолини табиий газ, ичимлик суви ва электр энергияси билан таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Тумандаги “Эркиндарё” овул фуқаролар йиғинида бугунги кунда 975 хонадонда 6 154 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда битта оилавий поликлиника, иккита болалар боғчаси, бешта умумий ўрта таълим мактаби, турли соҳаларда 12 та масъулияти чекланган жамияти, чорвачилик, деҳқончилик ва балиқчилик фермер хўжаликлари фаолият олиб бормоқда.

Аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш борасида қатор ишлар қилинмоқда. Тадбиркорлар томонидан новвойхона, тикув цехи, гўшт дўкони ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари фойдаланишга топширилди. Тўртта оилага имтиёзли кредит ҳисобидан 26 бош қўй, 39 нафар фуқарога 1835 бош парранда ва ўрдак берилди. Овул фуқаролар йиғини ҳудудида 120 та камбағал оила рўйхатга олинган бўлса, мана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида 113 та оила камбағалликдан чиқарилди.

Ҳудуддаги асосий муаммолардан бири – бу ичимлик суви эди. Шуни ҳисобга олган ҳолда БМТ Тараққиёт Дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Ўзбекистон ҳукумати ва Канаданинг маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси молиялаштирувидаги “Ўзбекистоннинг қурғоқчил туманларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлимий барқарорлигини таъминлаш» қўшма лойиҳаси доирасида “Қовоқ” ҳамда “Ботирлар овули” аҳоли пунктларида соатига 500 литр сувни қайта ишлаб чиқарадиган ускуна ўрнатиб берилди.

Шу муносабат билан “Қовоқ” аҳоли пунктида мазкур ускунани фойдаланишга топшириш маросими бўлди. Унда туман ҳокими М.Қайпанов, лойиҳа вакили М.Тилеўмуратов аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.

Шу кунларда сувни қайта ишлаб чиқарадиган 4 та ускуна фойдаланишга топширилган бўлса, яна 6 тасини қуриш режалаштирилган. Лойиҳа ёрдами билан туманда “Эркиндарё яйлови”, “Бўзатов яйлови” “Порлитов яйлови”, “Оқтуба яйлови”, “Шахамон яйлови” кооперативлари ташкил этилди. Яқин кунларда “Кўксув” овул фуқаролар йиғинида соатига 6 кубометр бўлган дренаж сувини чучуклантириш ва тозалашга мўлжалланган ускуна ишга туширилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу тизим билан 10 гектаргача ерни томчилатиб суғориш мумкин. Натижада 20 нафар ишсиз аёлнинг бандлиги таъминланади.

“Бўзатов” шаҳарча фуқаролар йиғини ва “Эркиндарё” овул фуқаролар йиғинида 12 гектар боғни қуёш энергияси билан ишлайдиган томчилатиб суғориш ускунаси, кам таъминланган оилаларнинг бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш мақсадида 132 та иссиқхона, аҳоли томорқаларини томчилатиб суғориш учун 137 комплект ускуна билан таъминлаш белгиланган. Ушбу саъй-ҳаракатлар туман аҳолисининг бандлигини таъминлаш, уларнинг яшаш шароитларининг яхшиланишига хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

 

Довуд Абибуллаев,  

Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА