Ускуналардан Марказий Осиёдаги чегараларда ҳамкорлик идоралари ва Ўзбекистондаги Идоралараро кўчма гуруҳлар фаолиятини таъминлашда фойдаланилади.

Тошкент шаҳрида 26 февраль куни Ўзбекистон ҳукумати ҳамда БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги чегараларда ҳамкорлик идоралари ва Ўзбекистондаги Идоралараро кўчма гуруҳлар салоҳиятини кучайтириш орқали минтақавий трансчегаравий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қўшма ташаббуси асосида мамлакатимизга етказиб келинган ускуналарни топшириш маросими бўлиб ўтди.

БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси томонидан умумий қиймати 674 000 АҚШ долларига тенг 14 дона автотранспорт, стратегик, тактик ускуналар ва идорада фойдаланиладиган мультимедиа техникаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига тақдим этилади.

Ускуналардан Марказий Осиёдаги чегараларда ҳамкорлик идоралари ва Ўзбекистондаги Идоралараро кўчма гуруҳлар фаолиятини таъминлашда фойдаланилади.

Ускуналарни топшириш бўйича тегишли ҳужжатлар юқорида санаб ўтилган вазирлик ва идоралар масъул шахслари ҳамда БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили томонидан Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма иштирокида имзоланди.

БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси дастурининг халқаро мувофиқлаштирувчиси Юсуф Қурбoнов иштирокчиларга 2020 йилда ташаббус доирасида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ҳамда 2021 ва 2022 йиллар учун тузилган режалар ҳақида маълумот берди.

– Бу саъй-ҳаракатлар Марказий Осиё давлатлари, Ғарб ва бошқа узоқ хорижий мамлакатлар хавфсизлигини таъминлаш жараёнига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз, – деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази директори Олим Нарзуллаев.

Мазкур лойиҳа наркотик моддалар ноқонуний айланмаси ва трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган грант шартномасининг бир қисми ҳисобланади. Ҳужжат БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ва Япония ҳукумати ўртасида 2020 йил февраль ойида имзоланган.

Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма «JICA» халқаро ҳамкорлик агентлиги ва бошқа халқаро ташкилотлар билан бирга инфратузилма, энергетика, Ўзбекистон иқтисодиётининг салоҳиятини ошириш каби йўналишлар бўйича лойиҳалар устида иш олиб борилаётганини қайд этди.

Умуман, бу каби саъй-ҳаракатлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга хизмат қилади.

 

Гулруҳ АБДУЛЛАЕВА, ЎзА