«Ҳаким ота” овул фуқаролар йиғини Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани марказидан 85 километр узоқда жойлашган. Ушбу ҳудуддаги «Али овул», «Дўстлик», «Уч ўзак», «Қизилжар» аҳоли пунктларида 4510 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Туманнинг барча жойлардаги сингари ушбу овул фуқаролар йиғинида ҳам «Обод маҳалла» дастури  доирасида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бошланиш арафасида. Овул аҳолисини анчадан буён қийнаб келаётган муаммо-бу ичимлик сувидир. Шу кунгача улар ичимлик учун яроқсиз бўлган сувни исътемол қилиб келди. Бу эса аҳоли, шу жумладан болалар саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, турли касалликларни келтириб чиқарар эди.

Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида овул ҳудудидан ўнта босма кран қуриб берилди. Аммо уларнинг айримларидан яроқсиз шўр сув чиққан бўлса, айримлари эса бугунги кунга қадар ишдан чиққан. Қўнғирот туманидан ташиб келтириладиган сувни сотиб олиб фойдаланиб келган, аммо у ҳам негадир йил бошидан буён тўхтаб қолди.

БМТ Тараққиёт Дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Ўзбекистон ҳукумати Канаданинг маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси молиялаштирувидаги “Ўзбекистоннинг қурғоқчил туманларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлимий барқарорлигини таъминлаш» қўшма лойиҳаси ушбу муаммони баратараф этишда катта ёрдам бўлди. Овул фуқаролар йиғинидаги 17-умумтаълим мактабига саотига 500 литр сувни ишлаб чиқарадиган қайта осмос ускунаси ўрнатиб берилди. Бунинг учун мактаб қошига қуёш электр энергияси билан ишлайдиган насос қурилди. Бугунги кунда бу ерда чиқарилаётган тоза ичимлик сувини нафақат мактаб жамоаси, балки ҳудуд аҳолиси ҳам истеъмол қилиб келмоқда.

–Ушбу ускунанинг ишга туширилиши ҳамқишлоқларим учун жуда қулай бўлди, – дейди нуроний Баҳодир Дошмуратов. – Аҳоли кўп йиллардан буён ичимлик суви таъминоти ёмонлигидан азият чекиб келаётган эди. Бунинг учун, БМТ Тараққиёт Дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонасига миннатдорлик билдирамиз.

Бутун дунёни ларзага солган коронавирус пандемияси даврида ҳар бир корхона, ташкилот, муассаса ва ўқув юртлари биноларини дезинфекциялаш муҳим аҳамият касб этади. Лойиҳа доирасида бу ерга тозалаш жараёнида қолган шўр сувни гипохлорид натрий дезинфекциялаш воситасига айлантирувчи ускуна ҳам қуриб берилди. Бу ерда суткасига 600 литр восита ишлаб чиқарилмоқда.

Мана шундай ускуналар “Мўйноқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 1-умумтаълим мактабига ҳам ўрнатилди.

–Таълим қозоқ ва рус тилларида олиб бориладиган ўқув масканимизда 700 нафардан зиёд ўқувчи билим олмоқда, – дейди мактаб директори Саламат Нуржанов. – Беғараз ёрдам сифатида қуриб берилган бу икки ускуна ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Биринчи ускуна жамоамизни бугунги куннинг долзарб муаммоси бўлган ичимлик суви билан таъминласа, иккинчи ускунада ишлаб чиқарилаётган гипохлорид натрий дезинфекциялаш воситаси пандемия даврида ўқитувчилар ва ўқувчиларни ҳар қандай инфекциядан зарарсизлантиришда қўлланилиб келинмоқда.

Лойиҳа доирасида қурғоқчиликка энг кўп дучор бўладиган ҳудудларда иқлим ўзгаришига чидамли деҳқончилик ва чорвачилик хўжаликларини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, лойиҳа ёрдамида Оролбўйида жами ўнта, шу жумладан, Мўйноқ туманида битта яйлов кооперативи ташкил этилди. Уларга замонавий техникалар, лазерли ер текислагичлар, ўриб-йиғиб олиш ва бошқа ускуналар беғараз ёрдам сифатида берилди.  Бу ишлар чекка овуллар аҳолисининг кундалик муаммоларини бартараф этишга, ҳудудларда янги иш ўринларини яратишга ва шу орқали уларнинг ҳаёт фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА