28 февраль – қорақалпоғистонлик афсонавий шифокор Уразимбет Халмуратовнинг таваллуд топган куни

Cанавиация йўналишида 1632 нафар беморга дала шароитида турли жарроҳлик амалиётларини ўтказган, осмон кенглигида ярим асрлик фаолияти 4 марта авиаҳалокатга учраган бўлса ҳам касбини ўзгартирмаган инсонларни ҳар куни ҳам учратавермаймиз.

Қорақалпоғистонда ана шундай шифокор яшаб ўтган.

Мана шу рақамлар фақатгина санавиация бортида қайд қилинган рақамлар, холос. Аслида у ярим асрлик шифокорлик фаолияти давомида ўн мингдан ортиқ беморга жарроҳлик амалиётини ўтказган.

«Халмурат дўқтир», «Қанотли дўқтир», «Қаҳрамон шифокор», «Қорақалпоқнинг Луқмони Ҳакими» номи билан халқ орасида чексиз ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган Уразимбет Халмуратовнинг 120 йиллиги Қорақалпоғистонда ўтган йили кенг нишонланди.

Афсонавий шифокорнинг вафот этганига қарийб қирқ йил бўляпти-ки, аммо унинг исми ҳамон тилларда достон.

Мактабда икки йил ўқиб, институтни “аъло” тугатган деҳқон ўғли

Уразимбет Халмуратов 1900 йил 28 февраль куни Тўрткўл туманининг «Оққамиш» (Шўрахон волости) қишлоғида Халмурат исмли камбағал кишининг оиласида дунёга келади. Энди ўн ёшга кирганда онаси оғир касалликдан вафот этиб, бола етим қолади.

Ҳали суяклари қотиб улгурмаган ёш бола қишлоқдаги «Сабирбай ғовға» деган бойнинг молларини боқиб, сўнг «Жуманиёз телба»нинг терини ишлаш цехида, устахонасида хизмат қилиб кун кечиради.

У 1923-1924 йилларда Тўрткўл шаҳридаги халқ таълими бўлимида ўқув курсида таълим олиб, сўнг Тошкентга ўқишга юборилади ва тиббиёт техникумини аъло баҳоларга ўқиб, пойтахтнинг ўзида фельдшер сифатида ишлаб қолади. Сўнг Ўрта Осиё давлат университети тиббиёт факультетига ўқишга киради.

Тиббиёт факультети кейинчалик, 1930 йилда алоҳида ажралиб чиқиб, Тошкент давлат тиббиёт институтига (ТошМИ) айлантирилади.

У талабалик давридаёқ зукколиги, чаққонлиги сабабли устозлари назарига тез тушади. ТошМИнинг жарроҳлик кафедраси мудири, профессор И.И.Орлов уни институт клиникасининг жарроҳлик бўлимига ишга жойлашишига сабабчи бўлади. Юқори курсга ўтганда Уразмет ассистент-ўқитувчилар даражасига етиб, мустақил равишда жарроҳлик амалиётларини ишлай бошлайди.

ТошМИни мувафаққиятли тугатиб, институтнинг ўзида ишга қолади. Лекин унинг пойтахтда “катта медик” бўлиш орзуси амалга ошмай қолади. Сабаби, 1932 йилда Қорақалпоғистонда ҳар хил юқумли касалликлар кўпайиб, малакали тиббиёт мутахассислари етишмаётган эди. Шу тариқа У.Халмуратов Тўрткўлдаги республика шифохонасига бош шифокор ва жарроҳ этиб тайинланади.

Қоғоз еган киши қандай қилиб соғайиб кетди?

Республика шифохонаси деган номи бўлгани билан шу йилларда шифохонада атиги 20 та койка бўлиб, жарроҳлик асбоб-ускуналари, шприц-игналар, скальпель, стерилизатор, корнцанг ва бошқа зарур нарсалар деярли йўқ эди. У қўлда бор барча имкониятлардан фойдаланиб, беморларни оддий дори-дармонлар, шифобахш ўсимликлар, ёқимли сўзи, яхши муносабати, илиқ эътибори, меҳр-муҳаббати орқали эмлашга киришади.

Қисқа вақт ичида унинг донғи чиқиб, Тўрткўлга отда, аравада, пиёда халқ оқиб кела бошлайди. Ўзи ҳам ҳеч тиним билмасдан қишлоқма-қишлоқ юриб одамларни даволаган.

Бир куни Тахтакўпир туманига борганда докторнинг олдига ёши катта киши келади ва дардига даво сўрайди.

Уразмет унга бир варақ қоғозга рецепт ёзиб беради ва қоғозда ёзилганларни сув билан ичишни маслаҳат беради. У киши ҳам жуда содда экан, рецепт ёзилган қоғозни майдалаб ичади ва бир ҳафтадан кейин доктор олдига келиб: берган эзибичкингиз яхши экан, сувга тўғраб ичиб соғайиб кетдим. Шундан яна ёзиб берсангиз, – дейди.

Ушбу воқеа халқ орасида кулгили, ҳангома сифатида кенг тарқалиб кетади.

У нега «Қанотли доктор» дейилади?

Уразметни халқ «Халмурат доктор» деб атайди. Боиси, шу вақтларда (ўтган асрнинг 30-40 йилларида) халқ ҳамон -ов, -ев қўшимчаси билан тугайдиган фамилияга ўрганмаган эди. Расмийлар «доктор Халмуратов» деб мурожаат қилса, оддий аҳоли уни «Халмурат дўқтир» деб атаган.

Унинг яна бир исми «Қанотли доктор» эди. Сабаби у олис қишлоқларга самолётда қатнаб, кўпчилик вақти самода ўтар, доим ёнига жарроҳлик асбоб-ускуналарини олиб юрган.

У ўз кабинетидан аэропортга тўғри чиқиб самолётга ўтириб олис яйловларга, денгиз оролларига, Устюртдаги нефть-газ қидирувчиларига ёки бепоён қумлар бағридаги чўпонларга учиб кетаверган ва дала шароитларида беморларни операция қилган.

Қорақалпоғистонга айнан унинг саъй-ҳаракатлари билан санавиация самолётлари келтирилган.

Ҳеч ким эшитмаган, билмаган жарроҳлик

Уразимбет ўлкада аввал ҳеч ким эшитмаган, кўрмаган жарроҳлик амалиётларини амалга ошириб, қанчадан-қанча одамлар ҳаётини сақлаб қолади.

Шифокор етмаганлиги боис у бир вақтнинг ўзида терапевт, жарроҳ, венеролог, акушер-гинеколог, инфекционист, уролог, онколог, окулист, тиш шифокори, кўз шифокори ва ҳоказо сифатида беморларга ёрдам бериб келган.

Нукусда ишлаётган пайтда Тахтакўпирдан аппендицити ёрилиб кетган оғир аҳволдаги бемор келади. Унинг аппендицити анча аввал ёрилиб кетиб, ички аъзолари йиринг ёйилиб обдан зарарланган эди. Шифокорлар маслаҳатлашиб, уни уйига қайтаришади ва охирги онларда “Халмурат дўқтир”га ҳам бир кўрсатайлик деб унга олиб келишади.

“Буни нима қиласиз уйига бериб юбориб?”, – дейди-ю, инсон ҳаётини қутқаришга киришади. Беморнинг қорнини ўнг ва чап томондан тешади ва беморнинг ичига тўлиб турган йирингларни чиқаради. Сўнг шланг орқали ички аъзоларини физраствор билан яхшилаб тозалайди ва муолажа қилади. Қарабсиз-ки, ўлимга ҳукм этилган бемор қисқа муддатда соғайиб кетади. Бу каби жарроҳлик амалиёти китобларда ёзилмаган ва ҳеч бир жойда синовдан ўтказилмаган эди.

Қорақалпоғистоннинг донғини дунёга таратган доктор

1943 йилда Москва шаҳрида Марказий радиодан ТАСС мухбирининг «Қанотли доктор» деб номланган радиоочерки эфирга узатилади. Очерк қаҳрамони, албатта Уразимбет Халмуратов эди.

Бу вақтда дунё халқлари ҳали «Қорақалпоғистон» деб номланадиган ўлка ҳақида тушунчага эга эмасди. Уразимбет Халмуратов тўғрисидаги ушбу очерк унинг ватани номини ҳам дунёга тарқатади. Энди дунё аҳли Қорақалпоғистоннинг Ўрта Осиёда, Орол денгизи атрофида, Амударё дельтасида жойлашганини билади. Ушбу ўлканинг Уразимбет Халмуратовдек ажойиб фарзанди ҳақидаги барча ҳақиқатликларни эшитади.

1969 йилда унга Социалистик Меҳнат Қаҳрамони унвони берилиши олдидан Марказга у ҳақида маълумот тўплаб тайёрланади.

Санавиация бортида ёзилган қайдномалар ҳам ушбу маълумотномага ёзилади. Ундаги ёзувлар кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлган.

Қаҳрамон доктор ўзи ҳақида ёзган мемуарида «Мен П-IV, АИР-6 маркали самолётларда учдим, 4 маротаба авиаҳалокатга йўлиқдим, жароқатлар олдим, лекин жони узилай деб турган, ҳаёти қил устидаги беморларга учиб кетиб, ёрдам бериб қайтардим”, деб ёзиб қолдирган.

“Халмурат дўқтирнинг” учувчиси бўлган Борис Тихомолов ўзининг “Осмон романтикаси” (Романтика неба) китобида шундай дейди:

“Халмуратов учун барча чақириқлар “фавқулодда” эди. Унга об-ҳавонинг ёмонлиги, самолётда ёқилғининг камлиги қизиқ эмасди. “Вазият ўта жиддий. Бормасак бўлмайди” деб туриб оларди ва айтганини қилдирарди”.

Унинг Ватан олдидаги юксак хизматлари муносиб баҳоланди.

1946 йили Тахтакўпир сайлов округидан СССР Олий Кенгашига депутат бўлиб сайланиб, 1962 йилга қадар, яъни 16 йил (4 чақириқ кетма-кет) депутат бўлди. 1944 йилда «Қорақалпоғистонга хизмат кўрсатган шифокор», 1960 йилда «Ўзбекистонга хизмат кўрсатган шифокор» фахрий унвонлари, 1968 йилда «Қизил Юлдуз» ордени, 1969 йилда эса энг олий «Меҳнат Қаҳрамони» фахрий унвони берилди.

У Қорақалпоғистон ва Хоразмга замонавий тиббиётни олиб келган биринчи шифокор сифатида тарихда қолди. Нукусдаги 1-сонли Республика кўп тармоқли тиббиёт марказига унинг исми берилди. Ушбу марказ қошида Қаҳрамон докторга бағишланган музей ташкил қилинди.

Е.Қаноатов, ЎзА