Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси 2019 йилнинг 1 ноябридан 2020 йилнинг якунига қадар бўлган оралиқда 54 минг 742 дона дарахтни кесиш (чопиш) бўйича келиб тушган мурожаатларни қаноатлантирмади.

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Махсуд Джуманиязовнинг таъкидлашича, 2019 йилнинг 1 ноябридан 2020 йилнинг якунига қадар бўлган дарахтни кесиш бўйича мурожаатлардан фақат 660 дона дарахтни кесиш учун ижобий хулоса берилган. Лекин, битта дарахтнинг ўрнига 10 тасини кўчатдан экиш ва икки йил парвариш қилиб бериш шарти билан рози бўлинган.

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бўлими томонидан ўтказилган рейд тадбирлари натижасида 2019 йилнинг 1 ноябридан 2020 йил якунига қадар республикада дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши бўйича жами 463 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан 454 нафар шахсга 498 миллион 628 минг сўм жарима белгиланган. 9 нафар мансабдор шахс эса 5 миллион 575 минг сўм жаримага тортилган.

Рейд тадбири давомида жами кесилган дарахт ва буталардан 28 минг 932 та қимматбаҳоли, 391 та кам қимматбаҳоли дарахтлар ва 780,1 куб буталар аниқланган. Шундан ёнғин оқибатида 27 минг 894 дона қимматбаҳоли дарахтлар нобуд бўлган.

Табиатга етказилган зарар учун 373 шахсга 6 миллиард 41 миллион 45 минг сўмлик даъво қўйилган бўлиб, шундан 278 шахсдан 309 миллион 162 минг 700 сўм ундирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармонида Республика ҳудудида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддатини 2021 йил 31 декабрга қадар узайтириш кўрсатилган эди.

Фармонда ҳар бир кесилган дарахт ва буталар учун компенсация тарзида 10 туп қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган, йирик ўлчамли кўчат экиш ва уларни камида икки йил давомида парвариш қилиш, ноқонуний кесилган дарахт ва буталар учун эса уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурияти киритилган. Бундан ташқари, дарахт ва буталарнинг кесилишига жорий этилган мораторий талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилишини аниқлаган ёки олдини олган фуқароларни рағбатлантириш тизими жорий этилиши кўрсатилган.

Е.Қаноатов, ЎзА