Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва сувни тежовчи технологияларни жорий қилишга оид қабул қилинган қарорларнинг мазмун-моҳияти ва уларда белгиланган вазифалар ижросига бағишланган оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ўтказилди.

Президентимиз 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида сув хўжалиги соҳасидаги ишлар юзасидан танқидий фикр билдириб, ҳудудда сув хўжалигини ривожлантириш бўйича алоҳида қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғини берган эди.

Сув хўжалиги вазирлиги, туман ҳокимликлари ва бошқа масъул ташкилотлар билан биргаликда қарорга киритиладиган объектлар ўрганилди. Йирик магистрал каналлар ва мелиорация тармоқларидан тортиб энг қуйи тизим, фермерларнинг ички суғориш тармоқларигача таъмирлаш-тиклаш ишлари ва унинг молиявий манбалари қарор лойиҳасига киритилган.

Президентимизнинг соҳага бўлган эътибори ва бевосита қўллаб-қувватлаши натижасида 2020 йилда сув хўжалигига доир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 10 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони билан сув хўжалигини ривожлантиришнинг концепцияси қабул қилиниши, шубҳасиз, кейинги ўн йилликда сув хўжалиги истиқболини белгилаб берувчи тарихий ҳужжат бўлди. Унинг устувор йўналишлари ва тегишли даврга мўлжалланган мақсадли параметрлари ва кўрсаткичларидан келиб чиқиб, мамлакатимизда сув хўжалигини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш якунланмоқда.

Ўн йилга мўлжалланган Концепцияга мувофиқ ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб Президент қарорлари қабул қилинмоқда. Шу жумладан, фақат Қорақалпоғистон Республикаси бўйича кейинги уч йилда сув хўжалигини ривожлантиришга мўлжалланган Президент қарори қабул қилинди. 2020 йилнинг 5 декабридаги «Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор нафақат сувчилар ёки фермер-деҳқонлар, балки бутун Оролбўйи халқининг тақдирига дахлдор бўлган аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилашга замин яратадиган муҳим ҳужжат бўлди. Ҳудудда сув хўжалиги соҳасини ривожлантиришга ҳеч қачон бу каби эътибор ва маблағ қаратилмаган ва натижада катта маблағ талаб қилинадиган магистрал каналлар 20-30 йил ўтса ҳамки реконструкция қилишнинг имкони бўлмаган.

Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан 2018 йилда Сув хўжалиги вазирлиги қайта ташкил қилингач, бу борада кенг кўламли ишлар бошланди. Хусусан, юқорида келтирилган қарорга мувофиқ йирик каналлар ва мелиорация объектларида реконструкция ишлари бошланди.

 

 

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ҳамда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 2021 йилда сувни тежайдиган технологиялар жорий этиладиган ер майдонларини 5 баробарга кўпайтириш қайд этилди.

Сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш катта маблағ талаб қилади. Бу борада ҳукуматимиз томонидан фермер хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳам назарда тутилган. Бу янги тежамкор технология ўрнатиладиган ҳар бир гектарга тахминан 20-22 миллион миқдорида кредит маблағи ва маълум миқдорда экин турига қараб субсидия ажратилиши белгиланган.

Масалан, ўтган 2020 йилда Қорақалпоғистон Республикасида сув тежовчи технологияларни ўрнатган фермер хўжаликларига 1 миллиард 400 миллион сўм субсидия ажратилди. Фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан «Жиззахпластмасса» заводи билан шартнома тузилиб, 80 комплект эгилувчан қувур олиб келинди. Улар ёрдамида жами 3 минг 200 гектардаги қишлоқ хўжалиги экини суғорилди. Бу усулда ўқариқларда йўқотилиши кутилган 4,9 миллион метр куб сув миқдорини тежашга эришилди.

Юқоридаги қарорларда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Қорақалпоғистонда 2021 йилда 14 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш белгиланган.

Бу катта режа албатта. Тўғриси, бизнинг ҳудудда яқин вақтларгача сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқарувчи биронта корхона йўқ эди. Фермерлар мурожаатларини тинглаганимизда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳудудда шунга мўлжалланган ускуналарни ишлаб чиқариш корхонаси йўқлиги сабабли нисбатан қимматга тушаётганликларини билдиришган эди. Бу борада ҳозирги кунда ҳудудда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича бир неча лойиҳалар амалга оширилмоқда. Яқинда «Аркавой мелиоратор» МЧЖ томонидан ҳамкорлар кўмаги билан сув тежовчи технологияларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган Қорақалпоғистондаги биринчи корхона ишга туширилди. Ҳозирча биринчи линияси ишга туширилиб, томчилатиб суғориш ленталарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги бу борада мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, шу йўналишдаги корхоналарни кўпайтириш мақсадида янги лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, вазирликнинг ишлаб чиқариш ва механизация базаси биносида «ECODRIP NUKUS» МЧЖ корхонаси фаолиятини йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича Сув хўжалиги вазирлигида яна бир муҳим лойиҳа амалга оширилмоқда. Гап шундаки, ўтган йиллардаги камчиликларни бартараф қилиш мақсадида вазирликнинг ҳудудлардаги тизим ташкилотларида сув тежовчи технологияларни ўрнатишга кўмаклашувчи сервис гуруҳлари ташкил қилинди. Улар майдонларни лойиҳалаш, сув келтириш ва ҳовуз тиндиргичларни қуриш, насос агрегати, монтаж қилиш, электр узатиш тармоқларини қуриш, бош ва тарқатувчи қувурларни ҳамда томчиловчи шлангларни монтаж қилиш каби йўналишларда фермерларга сервис хизматини кўрсатишда ёрдам беради. Шунингдек, сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича туманларда кўргазмали семинарлар ташкил қилинмоқда.

–Ўтган йили кредит эвазига Туркиянинг «Asbir Group» фирмасидан сув тежамкор технологияларни олиб келиб, 30 гектар майдонга жорий этдик, – дейди Қонликўл туманидаги «Сардор Сариолтин» фермер хўжалиги раҳбари Шукурилла Садуллаев. – Натижада олдинги йилга нисбатан анча сув тежалиб, гектарига 40 центнердан ҳосил олдик. Жорий йилда барча экин майдонимизга ушбу технологияни жорий қилмоқчимиз.

Тадбирда оммавий ахборот воситаларини қизиқтирган саволларига мутасаддилар томонидан батафсил жавоб берилди

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА