Касаба уюшмаларининг бугунги кундаги аҳамиятини аниқлаш учун уларнинг яқин тарихи билан танишиш даркор.

Марказий Осиё, шу жумладан, Қорақалпоғистондаги касаба уюшмалари ўз тарихини 20-асрнинг биринчи чорагидан бошлайди. Касаба уюшмаларининг тарихи бу ишчилар ва хизматчилар оммавий ташкилотларининг пайдо бўлиши ва фаолияти тарихидир.

Марҳум тарихчи олима Тиллахан Кудиярованинг “Қорақалпоғистонда Касаба уюшмалари ташкилотлари тарихи” номли номзодлик диссертациясида маълумот берилишича, Қорақалпоғистоннинг биринчи касаба уюшма ташкилотлари 1917-1920 йилларда пайдо бўлган, уларнинг сони оз бўлган ва асосан Амударё бўлимининг шаҳар марказларида пайдо бўлган. Ушбу даврда касаба уюшмаларининг фаолиятини конструктив деб аташ мумкин эмас эди, чунки бу вақт сиёсий тарихда Совет ҳокимиятини ўрнатиш учун кураш билан тавсифланади.

Дастлаб Амударё бўлими касаба уюшмалари ўз аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган.

20-йилларнинг охирида жамиятдаги партия тузилмаларининг таъсири кучайиб, маъмурий бошқарув тизимининг пайдо бўлиши ва шаклланишининг дастлабки шартлари пайдо бўлди, бу совет тоталитар тизимига олиб келди. Ушбу даврда партия ташкилотлари «Касаба уюшмалари – коммунизм мактаби» шиорини қабул қилди, бу касаба уюшмаларини партия ташкилотларига қарам қилди. Ҳам марказда, ҳам жойларда ўтказилган барча партиялар форумларида Совет давлати маҳаллий меҳнатга яроқли аҳолини ўзига жалб қилишни мақсад қилган жамоат ташкилотларига алоҳида эътибор берди.

Аста-секин касаба уюшмалари партия-давлат номенклатураси ва унинг иқтисодий механизмининг «ҳаракатлантирувчи белбоғлари»га айланиб, маълум бир қуйи тизимга айланди. Тизимга бўйсуниб, улар ишлаб чиқаришни бошқариш, ижтимоий таъминот ва суғурта, аҳолининг дам олиши ва бўш вақтларини ташкил қилишни бир қатор давлат функцияларини ўз зиммасига олди ва шу билан ўзларининг ҳимоя функцияларини самарали бажариш қобилиятини йўқотди.

1917 йилнинг декабрида Амударё бўлими касаба уюшмалари бирлаштирилиб, ягона марказ – Касаба уюшмалари бюросига айланди. Қорақалпоғистон ҳудудидаги биринчи йирик касбий бирлашмалардан бири бу «Хлопмасломил» уюшмаси бўлди. Унга пахта тозалаш, мойни қайта ишлаш, совун тайёрлаш, беда тозалаш ва тери корхоналарининг ишчилари ва ходимлари бирлаштирилди.

Лекин, 1917-1919 йиллар мобайнида Касаба уюшмалари бюроси фаолияти суст бўлди. Фақат 1919 йилнинг бошига келиб уларнинг ишларида жонланиш кузатилди. Архив маълумотларига қараганда, айни шу давр касаба уюшмаларининг пайдо бўлиш даври ҳисобланади. Шундай қилиб, 1919 йил 22 апрелда собиқ амалдорлар, шифокорлар, ўқитувчилар, саноат ходимлари ва ишчилар Тўрткўл шаҳрида йиғилиб, 350 га яқин кишини бирлаштирган “Совет, ижтимоий, савдо-саноат ходимлари уюшмаси”ни ташкил қилди. Барча касаба уюшмаларини бирлаштирган Амударё бўлими Касаба уюшмалар Кенгаши сайланди. Ҳар бир уюшма ишини бошқарма бошқарди ва ҳар бир шўъба бошқарувида раёсат турди. Касаба уюшма ташкилоти кенгашининг раислигига банк ходими И.И.Брикман тасдиқланди.

1919 йил 26 апрелда ташкил қилинган касаба уюшма органи ижтимоий ташкилот сифатида юридик жиҳатдан расмийлаштирилди ва шундан кейин касаба уюшмалари Кенгашлар билан иш алоқаларини ўрнатиш бошланди.

Партиянинг вилоят қўмитаси 1920 йилларнинг ўрталаридан бошлаб ижтимоий ташкилотлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратди. Партия номенклатурасига “Кошчи” кенгаши биринчилардан бўлиб кирди. Партия ҳужжатларида “Кошчи” кенгаши “компартиянинг қишлоқдаги синфий ташкилоти ва суянчи” эканлигига урғу берилди. Шунингдек, “Кошчи” кенгаши сафига суқилиб кирган номақбул элементларни тозалаш зарур эканлиги ҳужжатларда таъкидлаб ўтилган.

1924 йилнинг ўрталарида Амударё вилоятида касаба уюшмаларини ташкилий қайта қуриш даври давом этди, фаолиятнинг функционал схемаси ўрнатилди. Туркбюро вакили лавозими ташкил этилди, сўнгра у Амударё вилоятидаги Средазбюро ВЦСПСга ўзгартирилди ва вакил қилиб Т.Напесов тайинланди. Манбаларга кўра, 1924 йилнинг 1 декабрь ҳолатига Қорақалпоқ Автоном вилоятида 9 та касаба уюшмасига 721та киши аъзо бўлган.

Маҳаллий аппаратнинг катта кучлари эвазига чақирилган Қорақалпоқ Автоном вилояти касаба уюшмалари ташкилотларининг биринчи қурултойи 1926 йилнинг 16 мартида очилган. Касаба уюшмалари ташкилотларининг биринчи қурултойи ўтган йиллар натижаларини чиқарди ва истиқболнинг асосий масалаларини белгилаб ўтди, уларнинг ичига албатта ташкилий масалалар, маҳаллий қўмиталар билан бўлган суст алоқалар муаммолари, бошқарув, маҳаллий тилда материалларнинг мавжуд эмаслиги, пастки органларда касаба уюшмалари маблағларининг камомади киритилган эди. Алоҳида эътибор хизматчи, аёллар ва ёшлар билан ишлаш масалаларига қаратиларди.

Қорақалпоғистон касаба уюшмалари II қуролтойи 1927 йилнинг август ойида бўлиб ўтди. Ушбу санадан эътиборан вилоятда ижтимоий-сиёсий жиҳатдаги йирик воқеалар бўлиб ўтади. Бу пайтда уюшма аъзолари сони ортди: агар 1927 йилда Рабземлесда 130 киши аъзо бўлган бўлса, 1930 йилга келиб аъзолик 5000 кишигача ошди. Маҳаллий аҳоли сони кўпайди. Шундай қилиб 1927 йилда касаба уюшмаларида қорақалпоқларнинг сони умумий миқдордан 17,8 фоиз бўлган бўлса, 1930 йилда бу кўрсатгич 31,4 фоизни ташкил этди.

1928 йилда Қорақалпоғистон Автоном вилояти районлаштирилгандан сўнг касаба уюшмаларининг туман кенгашлари тузилди, бу касаба уюшмаларини бутун минтақада ишлаб чиқариш принципи бўйича мустаҳкамлаш ишларини сезиларли даражада фаоллаштиришга имкон берди. Вилоятда касаба уюшмалари аъзоларининг сони 3854 кишидан 15000 кишига етди. Конгресс ҳужжатларида маданий ишдаги баъзи силжишлар – клублар, кинотеатрлар, кутубхоналар, қизил бурчаклар, радиостанцияларнинг ўсиши қайд этилди:. Шунингдек, ўтказилган иқтисодий ва сиёсий кампаниялар – экиш, пахта териш каби касаба уюшмалари оммавий фаолиятининг ўсиши кузатилди. Айтганча, ўшанда деҳқонларга пахта теримида шаҳар аҳолиси ёрдам бера бошладилар. Касаба уюшмалари аъзолари қишлоқ фермерларининг барча иқтисодий фаолиятида: пахта чигитини тозалаш, экиш, бегона ўтлардан тозалаш, колхоз қурилишини «жойлаштириш» да қатнашдилар.

1930 йиллар оҳирида касаба уюшмалари органлари ўз мустақиллигини тўлиқ йўқотти, қайта ташкил этиш вақтида уларнинг харакатлари бир биридан фарқ қиларди ва марказнинг ҳар хил аппаратларига бўйсинарди. Касаба уюшмалари устав талабларига риоя қилинмасди: касаба уюшмалари органлари сайлов йўли билан амалга ошиши, конференция ва пленумларнинг камдан кам чақирилиши, фаолиятнинг шаффофсизлиги, кооптация амалиёти.

1932 йил 5-13 январ кунлари бўлиб ўтган Қорақалпоғистон касаба уюшмалари Кенгашининг III қурултойи билан касаба уюшмаларида маълум ўзгаришлар юз берди.

1934 йилнинг сентябрь ойида мавжуд бўлган 47 та тармоқ касаба уюшмалари негизида 154 та касаба уюшма бирлашмалари ташкил этилди, унинг асосига саноат-ҳудудий бўлиш принципи қўйилган эди. Касаба уюшмаларига бир қатор функциялар ҳам ўтказилган эди. Шундай қилиб 1933 йилнинг июнь ойида касаба уюшмаларга ижтимоий суғурта, меҳнат мухофазаси ва ҳавфсизлик техникаси бўйича функциялар ўтказилган. 1934 йилда барча бошқариш тузилмаларининг тафтиши ва назорати билан шуғулланувчи корхоналаридаги ишчи-деҳқон инспекциясининг пастки органлари ҳуқуқлари касаба уюшмаларига ўтказилди.

Қорақалпоғистон касаба уюшмалари фаолиятига республиканинг сиёсий ва ижтимоий арбоблари қатоғони катта талафот етказди. Масалан, ҳар вақтларда касаба уюшмалари ва “Кошчи” кенгашини бошқарган А.Айтешев, К.Садуллаев, Файзинабад ва кўплаб бошқа арбоблар қатоғонга учради.

Касаба уюшмалари – бу ҳеч қачон тоталитар тизим фойдаланмаган фуқаролик жамиятининг муҳим элементидир. Шундан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, жамиятимиз ривожланишининг ҳозирги босқичида касаба уюшмаларисиз ривожланган фуқаролик жамиятини қуриш мумкин эмас, яъни касаба уюшмалари инсоннинг ҳукуматга, мансабдор шахсга, бюрократга қарамлигини йўқ қилиши ва ҳокимиятни одамларнинг ҳақиқий хизматига қўйиши керак.

 

Е.Қаноатов, ЎзА