Канаданинг маҳаллий ташаббуслар жамғармаси қўллаб-қувватлаши билан янги инновацион ташаббус ишга туширилган бўлиб, шу доирада Қорақалпоғистон Республикасининг чекка ҳудудларидаги аҳолига тоза ичимлик сувини етказиб бериш учун зарур бўлган ўта муҳим инфратузилма барпо этилмоқда.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска хоним таъкидлагандек, ушбу инфратузилма мазкур ҳудудларда истиқомат қилувчи камида 40 000 нафар аҳолини ўз ичига олади. Улар тоза сув ичиш имкониятига эга бўлади, касаллик хатари камаяди.

Димовска хонимнинг қайд этишича, асосий эътибор Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ, Чимбой ва Бўзатов туманларига қаратилган.

COVID-19 пандемияси бутун Ўзбекистон бўйича аҳолининг саломатлиги учун салбий оқибатларни келтириб чиқарди ва улар ичимлик сувининг танқислиги сабабли янада оғирлашди. Бу одамлар, айниқса, мамлакатнинг энг ҳимоясиз бўлган қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолининг даромадлари, турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини тушириб юборди. Устига устак Орол денгизининг фалокатли оқибатлари уларнинг саломатлик даражасини оғирлаштириб қўйган, тоза сувдан фойдаланиш имконияти чекланган, тадбиркорликнинг ривожланиши ҳам оғир кечяпти.

Канаданинг Ўзбекистондаги вакилига кўра, Қорақалпоғистонни тоза ичимлик суви билан таъминлашнинг иккита асосий жиҳати мавжуд. Биринчидан, лойиҳа доирасида шароит энг оғир бўлган Мўйноқ ва Чимбой туманларини сув билан таъминлаш учун янги инфратузилмани яратиш ва Бўзатов туманига мавжуд сув манбаларидан янада самаралироқ фойдаланиш учун кўмак бериш назарда тутилган. Мўйноқ ва Чимбой туманларидаги ишлар маҳаллий мактаблар яқинида жойлашган ва 1202 нафар одам учун сувдан фойдаланиш имконини берувчи учта артезиан қудуқ қазиш ва асосий электр тармоғига боғлиқ бўлмаган қуёшдан қувватланадиган чўктирма сув насосларини улашдан иборат. Бўзатов туманида эса тўрт қишлоқ фуқаролар йиғинида 456 нафар аҳолини сув билан таъминловчи тўртта электр сув насослари ўрнатилди.

 

 

Иккинчи жиҳати эса, Мўйноқ, Чимбой ва Бўзатов туманларидаги маҳаллаларда сувни тозалаш ва гидролиз қилиш учун янги ускуналар тизими ўрнатилади. Ер ости сувларини ичимлик ва хўжалик мақсадларида тозалаш учун саккизта янги тескари осмос тизимлари (ТОТ) ишлатилмоқда ва бу 1943 нафар маҳаллий аҳолига фойда келтирди.

Тахтакўпир туманида 3кВт қувватга эга қуёш (фотоэлектр) электрстанцияси ўрнатилган бўлиб, «Коструба» номи билан маълум бўлган Қишлоқ фуқаролар йиғинига ёрдам бериш мақсадида илгари ўрнатилган сув тозалаш ускуналари учун электр қувватини таъминлаб беради ва 195 нафар аҳолига манфаат келтиради.

 

Е.Қаноатов, ЎзА