Дунёда энг охирги турон йўлбарси 1970 йилларда, Қорақалпоғистонда эса 1957 йилда отиб ўлдирилган.

Ҳозирда Турон йўлбарсининг фақат қотирилган нусхасини Қорақалпоғистон маданияти ва тарихи музейида кўриш мумкин.

Дунёда 7 та йўлбарс тури мавжуд: амур, хитой, суматра, ява, баш, ҳинд (бенгал) ва турон. Турон йўлбарси Амур йўлбарсидан кейин иккинчи ўринда турадиган энг йирик йиртқичдир.

Турон йўлбарсининг узунлиги 180-280 см, думи 90 см, салмоғи эса 220-300 кг. Ҳаракатчанлиги оқшом тушиши билан тонггача бўлган. Турон йўлбарси 1940 йилларга қадар Қорақалпоғистоннинг 30 дан ортиқ ҳудудида учраб турган. Улар асосан Амударё дельтасидаги тўқайзорларда, чангалзорларда, баландлиги 4-7 метр келадиган қалин қамишзорлар орасида яшаган.

Қорақалпоқларда йўлбарс мардлик, адолатнинг рамзи сифатида баҳоланган. Фольклорда ҳам, ёзма адабиётда ҳам у ижобий образ сифатида тасвирланади. Йўлбарс қанча кучли ҳайвон бўлгани билан у янги туғилган қизилчақа боласини чумолилар талаётганда, оёғига тикан кирганда, инини сув олганда ва бошқа ҳолларда инсон ёрдамига муҳтож.

Ҳанузгача қорақалпоқ қишлоқларида йўлбарсларнинг қабристонларга зиёрат қилганларини кўрган, эшитган кишилар бор. Йўлбарс қабристонга келганда ҳечким уйидан чиқмаган. Йўлбарснинг иккинчи номи шердир. Кимдир у билан тўсатдан учрашиб қолса, “шерим, шерим” деб юпатган. Ривоятларда айтилишича, йўлбарс одамга ҳужум қилмоқчи бўлганда, “шерим, шерим, менга эмас, ойга чоп” дейишган.

Ҳақиқатдан ҳам, Турон йўлбарси одамга биринчи бўлиб ташланмайди, яраланганда ёки қувғинга учрагандагина ҳужум қилиши мумкин. Сувда яхши сузади, овга фақат қоронғу тушганда чиқади.

У ўз ўлжасини узоқдан туриб 4-5 метргача сакраб, сездирмасдан, жуда эҳтиёткорлик билан тутган. Унинг уйқуси қаттиқ бўлиб, 1 ёки 1,5 суткагача давом этган.

Йўлбарснинг ақириши февралнинг 2-ярмидан март ойи бошларига қадар давом этган. Айнан шу даврларда улар жуфтлашиш мавсумини ўтказган. Бўғозлиги 95-112 кун. Икки йилда бир маротаба болалайди. Болаларини онаси боқади ва туғилган пайтларда отасини болалари қошига яқинлатмайди. Одатда 2-4 бола туғади. Болалари туғилганда 1,3-1,5 кг салмоқ босади. 6-8 кунгача кўзлари очилмайди.

Йўлбарслар 40-50 йил умр кўради.

Қорақалпоғистонда йўлбарсларнинг бош сони 1920-30 йилларда 70 та бўлган бўлса, 1940 йилларга келиб 20 тага камайган. 1942 йилда 12, 1947 йилда 6 таси қайд қилинган. 1935 йилдан 1950 йилгача 11 та йўлбарс отиб ўлдирилган. Маълумотларга кўра, Қорақалпоғистон ҳудудида йўлбарс 1957 йилгача яшаган.

Турон йўлбарсининг қирилиб кетишига ХIХ асрда одамларнинг Марказий Осиёга оммавий миграцияси сабаб бўлган. Кўпчилик ҳолларда йиртқич ҳайвонларни ҳарбийлар отиб ташлашган. Чунки йиртқичлардан азият чеккан маҳаллий аҳоли ҳарбийлардан уларни отиб ташлашни сўраган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжи учун ўрмонзорларнинг кўп миқдорда қирқиб ташланиши уларнинг яшаш жойларидан маҳрум қилинишига ва озуқасидан айрилишига олиб келган.

Қорақалпоғистон тарихи ва маданияти музейи кўргазмасидаги йўлбарс минтақадаги охирги Турон йўлбарси бўлиб, музейга 1980 йилда Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Делбарь Ишкулов томонидан топширилган ва нархи 2000 рубльга баҳоланган. Сўнг 4 йил давомида ленинградлик таксидермист М.А.Заславский томонидан ишлов берилган.

 

Е.Қаноатов, ЎзА