Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 февраль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг юқори даражадаги сегменти ишида нутқ сўзлади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш фаолияти бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган БМТ тизимидаги энг нуфузли ҳукуматлараро органлардан бири ҳисобланади.

Кенгашга 47 давлат аъзо. Ўтган йил октябрь ойида мамлакатимиз 2021-2023 йиллар даврига ушбу тузилма аъзоси этиб илк бор сайланди.

Коронавирус пандемияси муносабати билан кенгашнинг навбатдаги йиғилиши Женева шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтказилди.

Йиғилиш кун тартибидан инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ва уларни ҳимоя қилиш, жумладан, фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш билан боғлиқ энг долзарб масалалар ўрин олди.

Тадбирни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Мишель Бачелет кириш сўзи билан очди.

Шундан сўнг йиғилиш раиси Нажот Шамим Хон қарийб 150 мамлакатдан давлат ва ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари, юқори даражадаги вакиллар қатнашган анжуман иштирокчилари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга сўз берди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистоннинг демократик янгиланишлар жараёнини янада чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари, мамлакатимиз томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши билан ҳамкорликда бажарилиши режалаштирилган бир қатор долзарб масалаларга асосий эътиборни қаратди. Жумладан, Ўзбекистонда мажбурий меҳнат, айниқса, болалар меҳнати билан боғлиқ мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида амалга оширилган, халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилган ишларга алоҳида тўхталди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда айни йўналишдаги ислоҳотлар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва рағбатлантириш сиёсатига қатъий содиқлигини исботлайди. Президентимиз нутқи Ўзбекистон ўзи танлаган ташқи сиёсат асосида бундан кейин ҳам инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича барча манфаатдор халқаро тузилмалар билан изчил ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини яққол кўрсатди.

Давлатимиз раҳбарининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги иштироки янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлашга асосий урғу берилаётганининг яққол исботи сифатида намоён бўлди. Шунингдек, Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси туфайли мамлакатимиздаги демократик янгиланишлар умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва меъёрларига тўла мос тарзда, халқаро ҳамжамият билан очиқ ва узвий ҳамкорликда амалга оширилаётганидан далолатдир.

 

ЎзА