Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 25 январдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш зарурлиги белгилаб берилган эди.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ўртасида мазкур режимнинг афзаллик томонлари, унга жойлаштириш талаб ва шартлари ҳақида кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Божхона ходимлари яқинда Тахиатош туманидаги «Atiyaj-Gulzar» масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, фаолияти билан яқиндан танишди. 2018 йилда ишга туширилган корхона халқимиз дастурхонига ва жаҳон бозорига сифатли ун етказиб бермоқда. Жумладан, Қозоғистон Республикасидан келтирилган буғдойга тегишли босқичларда ишлов бериб, тайёр бўлган ун маҳсулотини юртимиз бозорларига етказиб бермоқда, ортган қисмини экспортга йўналтирмоқда.

 

 

Таъкидлаш жоизки, ушбу ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиси томонидан 2020 йил давомида учинчи ва тўртинчи классга мансуб қаттиқ ва юмшоқ турдаги жами 7135 тонна буғдой маҳсулоти “Нукус” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости томонидан “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимига расмийлаштирилган. Қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган 4 хил ассортиментдаги  биринчи ва иккинчи навли 5351 тонна ун маҳсулоти реэкспорт қилинган.

Буғдой маҳсулотини қайта ишлаш учун Туркия давлатидан келтирилган илғор замонавий технологик асбоб-ускуна учун давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган технологик ускуналар рўйхатини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан божхона тўловларидан 3 миллиард 72 миллион сўм миқдорида имтиёз қўлланилган.

Шунингдек, корхона ўз фаолиятини амалга ошириш давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Донни қайта ишловчи корхоналарни қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш ва уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига амал қилиш даврида Қозоғистон Республикасидан олиб кирилган буғдой маҳсулоти учун жами 12 миллиард 239 минг сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёз қўлланилди.

– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан биз тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлардан мамнунмиз, – дейди корхона директори Азат Мустафаев. –Хусусан, унни қайта ишлаш ускунасининг хориждан олиб келинишида божхона тўловларидан имтиёзга эга бўлиши ва ҳукуматимизнинг тегишли қарорлари билан олиб кирилаётган маҳсулотимизнинг божхона тўловларидан озод этилиши натижасида биз ўз фаолиятимизни кенгайтириб, 2020 йилнинг бошида иккинчи цехни ишга қўшишга муваффақ бўлдик. Бунинг натижасида эса бугунги кунда 96 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланди. Йил бошидан 7507 тонна буғдой импорти амалга оширилган бўлса, уни қайта ишлаш натижасида олинган ун маҳсулоти асосан ички бозоримизга, ундан ортган 1836 тонна ун маҳсулоти эса Афғонистон давлатига экспортга йўналтирилди

Дарҳақиқат, мамлакатимиз томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш йўлида тақдим этилаётган имтиёз ва имкониятлар аҳолига янги иш ўринларини яратиш,  уларнинг фаровон ҳаёт кечириши, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши шубҳасиз.

 

  Довуд Абибуллаев,ЎзА