Нукусда “Ёшлар фестивали” доирасида мини футбол, веломарафон бўйича шаҳар ҳокими кубоги учун мусобақалар ва ёш ошпазлар танлови бўлиб ўтди.

Очилиш маросимида таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш чора-тадбирлари дастури” ишлаб чиқилди. Унинг доирасида шаҳар ва туманларда бир қатор амалий ишлар, ижтимоий тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.

Нукус шаҳар ҳокимлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси футбол ассоциацияси томонидан ҳамкорликда ташкил этилган мини футбол мусобақасида олий таълим муассасаларидан 8 та жамоа иштирок этди. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети жамоаси барча рақиблари устидан ишончли ғалабага эришиб, бош совринни қўлга киритди. Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти жамоаси иккинчи, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали жамоаси учинчи ўринни эгаллади. “Энг яхши ҳужумчи”, “Энг яхши дарвозабон”, “Энг яхши ҳакам” ва мусобақа тўпурари аниқланди.

Ўзбекистон велосипед спорти  федерациясининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган веломарафон қизиқарли тарзда ўтди. 14-18 ёш оралиғида Руслан Оспанов, Диана Ерназарова, 19-25 ёш оралиғида Зафар Ўринбоев, Камила Досчанова, 26-30 ёш оралиғида Ботир Қудайберганов, Ширин Қайбуллаева, 31 ёшдан катталар ўртасида Бердақ Қудайберганов, Сарбиноз Утамбетова финишга биринчи бўлиб келди.

Қорақалпоғистон  Республикаси умумий овқатланиш корхоналари уюшмаси томонидан ташкил этилган “Ёш ошпазлар” танловида 20 нафар ошпаз иштирок этди. Уларнинг орасидан Ҳайтбой Қазиев, Руслан Қўзибоев, Мадина Давлетмуратова ғолиб бўлди.

– Ўтказилган танлов иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди, – дейди  Қорақалпоғистон Республикаси умумий овқатланиш корхоналари уюшмаси раиси Гулмирза Юлдашев. – Тадбирдан кўзланган мақсад, ўзбек, қорақалпоқ ва мамлакатимизда истиқомат қилувчи кўп миллатли халқларнинг миллий таомларини халқимиз, айниқса ёшларимиз ўртасида тарғиб қилишдан иборат. Биргина ошни олайлик. Танлов иштирокчилари томонидан беш хил, яъни қорақалпоқча полов, тошкентча, бухороча, самарқандча тўй оши тайёрланди.

Тадбир якунида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари Н.Ерлепесов, Нукус шаҳар ҳокими У.Панаев мини футбол, веломарафон мусобақалари ҳамда ёш ошпазлар танлови ғолибларини қутлади. Уларга ташкилотчилар томонидан диплом, қимматбаҳо совғалар топширилди.

 

 

 

 

 

 

Довуд Абибуллаев,

Мақсад Ҳабибуллаев(сурат),

ЎзА