Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Венгрияга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров халқаро “ArchEnerg” кластери Президенти Денес Булкаи билан учрашди.

Музокаралар жараёнида томонлар қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбалари, инфратузилмавий лойиҳалар, илм-фан ва саноат кооперацияси масалаларини қизғин муҳокама қилди.

Томонлар ёш олим ва тадқиқотчилар учун қисқа ва ўрта муддатли танишув ташрифлари ҳамда стажировкалар дастурлари, ўзбекистонлик экспертлар учун вебинарлар ташкил этиш ҳамкорликнинг самарали илк қадамларидан бўлишини қайд этди. Келгусида Ўзбекистонда ўзбек-венгер қўшма кластери тузиш масаласини чуқур таҳлил қилишга келишиб олинди.

“ArchEnerg” халқаро кластери 2007 йилда қайта тикланувчи энергия самарадорлигига асосланган иқтисодий ва ижтимоий моделни яратиш мақсадида ташкил этилган. 2009 йилда Аккредитацияланган инновацион кластер сертификатини олган.

Ўзбекистон – Венгрия савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 6-йиғилишида таълим, фан ва инновациялар, транспорт, маданият ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, мазкур йиғилиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда халқаро «ArchEnerg» кластери ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

 

Муаттар Бурҳонова, ЎзА