Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими кўргазма саройида «Камолиддин Беҳзод издошлари» миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танлови Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Таъкидландики, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 21 апрелдаги «Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори тасвирий ва амалий санъат, дизайн йўналишида ёш истеъдодли ижодкорларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур танлов ҳам айни мақсадда ташкил этилди.

Танлов якунида «Энг яхши миниатюра» йўналиши бўйича Нукус шаҳридаги 12-Болалар мусиқа ва санъат мактабидан Аселья Усенова, Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактабидан Улбосин Атаниязова, Нукус ихтисослаштирилган маданият мактабидан Гули Атаўбаева, «Энг яхши графика» йўналишида Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактабидан Ақилбек Жанибеков, Жасмина Утемисова, Мухлиса Бахтиярова, Элликқалъа туманидаги 18-Болалар мусиқа ва санъат мактабидан Роза Зарипбоева, Нукус шаҳридаги 1-Болалар мусиқа ва санъат мактабидан Дилноз Абдрашидова ғолиб бўлди.

 

 

 

 

 

 

– Танловда 40 нафардан зиёд иқтидорли ёш ўзларининг 90 га яқин асари билан иштирок этди, – дейди Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ижрочи ходими Тоқтагул Утепбергенова. – Шундан энг саралари мамлакат босқичига йўлланма олди.

Ғолибларга ташкилотчилар томонидан диплом топширилди.

Тадбир доирасида танлов иштирокчилари асарлари кўргазмаси намойиш этилди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев(сурат), ЎзА