Президентимиз ташаббуси билан халқимиз фаровонлигини таъминлаш, олис туман ва қишлоқларда истиқомат қилаётган юртдошларимизнинг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида узоқни кўзлаб жорий этилган “Маҳаллабай” тизими мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим жараён экани ўз аксини топмоқда.

Бугун барча соҳа вакиллари каби Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ҳам юртдошларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, туман марказларидан узоқ масофада истиқомат қилаётган аҳолига амалий кўмак бериш учун бирдамликда, ҳамжиҳатликда қўйилган вазифаларни бажариб келмоқда.

 

 

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг энг олис ҳудудларидан бири бўлган Тахтакўпир туманининг Жанадарё овулида ҳам хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Нукус шаҳридан чамаси 150 км узоқликда жойлашган ушбу овулда 700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг асосий даромади чорва моллари ва парранда етиштиришдан иборат. 2 оила “Темир дафтарга”, 14 нафар аёл “Аёллар дафтарига” ҳамда 18 нафар ёшлар “Ёшлар дафтарига” киритилган бўлиб, улар билан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Аҳоли соғлигини сақлаш, уларга бериладиган тиббий маслаҳат ва муолажалар сифатини ошириш, бир сўз билан айтганда ватандошларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали ҳамда Нукус ҳарбий госпитали, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси шифокорларидан иборат тиббий бригада томонидан овулда бир неча кун давомида тиббий кўриклар ўтказилиши режалаштирилган.

 

 

Жарроҳ, невропатолог, травматолог, окулист, акушер-гинеколог, педиатр каби малакали мутахассислар томонидан ўтказилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар давомида овул аҳли ультратовуш ҳамда ЭКГ текширувидан ўтказилиб, мобил лабораторияда қон таҳлили билан бир неча сонияда танишиш имконига эга бўлмоқда. Тиббий кўриклар сифатини ошириш ҳамда аҳоли ва шифокорларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Мудофаа вазирлиги раҳбарияти томонидан “Ҳарбий мобил тиббий марказ” мажмуаси ҳам овулга келтирилди.

Тиббий кўрикнинг биринчи кунида 378 нафар аҳолининг саломатлиги текширилиб, улардан 78 нафарида турли касалликлар аниқланди. 5 нафар фуқарога республика даволаш-профилактика муассасаларига, 15 нафарига эса туман тиббиёт бирлашмасида стационар ҳамда 55 нафарга амбулатор шароитларда даволаниш учун йўлланмалар берилди.

Шу куни Тошкент ва Нукусдан келган малакали мутахассисларнинг кўригидан ўтган аҳолининг қувончи ўзгача бўлди.

– Уй ишлари, рўзғор билан бўлиб туман марказидаги тиббиёт муассасаларида тиббий текширувлардан йиллар давомида ўтмай келамиз, – дейди овул фуқароси Темирали Бегалиев. 

– Президентимизга раҳмат, бизни ўйлаб мана шундай узоқ манзилларга соҳа вакилларини юбораяпти. Ёшу қари ҳаммамиз бирдек хурсандмиз. Барчамизни қийнаб келаётган бир муаммо бор. У ҳам бўлса овулимиздаги врачлик пунктини қайта ишга туширишни сўраймиз. Илгари шифокорларимиз ҳам, ҳамшираларимиз ҳам бўларди. Қийинчилик билмасдик. Ҳозирда бир укол олиш учун овулимизда ҳамшира топилмайди.

 

 

Таъкидлаш жоизки, овулда жойлашган врачлик пункти аҳоли сони камлиги учун 2017 йилдан бери фаолияти тўхтатилган. Тахтакўпир туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Ихлос Полвоновнинг таъкидлашича, ушбу масала ҳам ўз ечимини топиб, келгуси йилда врачлик пункти биноси қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган экан.

Ҳарбий шифокорларнинг олис ҳудудларда аҳолини тиббий кўриклардан ўтказиш ишлари давом этади.

 

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ 

матбуот хизмати