Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Камалов Тўрткўл туманидаги Боғёп-1 каналини қайта тиклаш лойиҳаси билан танишди.

Бу ҳақда туман ҳокимлиги Ахборот хизмати ЎзА мухбирига маълум қилди.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 24 мартдаги «Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш» лойиҳасини жаҳон банки иштирокида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида олиб борилмоқда. Бош пудратчи Хитойнинг «China Railway 20th Bureau Group Co., Ltd.» компанияси бўлган канални қайта тиклаш лойиҳасида 1108 минг куб метр тупроқ ва 14.2 минг куб метр бетон ишларини амалга ошириш белгиланган. Иншоотнинг узунлиги 18.4 километр бўлиб, секундига 35 кубометр сув ўтказиш қобилиятига эга.

 

 

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Тўрткўл тумани, унга яқин бўлган ҳудудларда ер ости сувларининг кўтарилиши натижасида келиб чиқадиган салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида каналнинг 5,7 километр қисми бетон билан қопланди. Шунингдек, каналда 4 та сув тўсувчи гидротехник иншоот, 17 та сув олиш иншооти, 2 та автомобил йўли кўприги ва 2 та пиёдалар кўприги қурилмоқда. Канал билан табиий газ, электр узаткич линиялари, ичимлик суви қувурлари ва алоқа кабеллари кесишмаларининг реконструкция ишлари давом этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси «Шўрахон» овул фуқаролари йиғини ҳудудидаги “Элбек Азиз” фермер хўжалигида “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз ёшларга ер ажратиш тадбирида иштирок этди. Ушбу фермер хўжалигида бугун 8 нафар ёшга 2,4 гектар ер майдони ажратиб берилди. Шу ерда деҳқончилик қилиш истагида бўлган ёшлар билан суҳбатлашди.

 

 

Шундан сўнг «Бунёдкор-мерос» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган «Ўнг қирғоқ магистрал каналини тозалаш» ишлари ва Туямўйин сув омборида шўр ювиш даври учун тўпланган сув захирасини кўздан кечирди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА