“Нукус вино заводи” акциядорлик жамиятининг мурожаатига асосан ўтказилган тезкор тадбирда яширин цехда қўлбола усулда спиртли ичимликлар ишлаб чиқарилаётгани маълум бўлди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ўтказилган тадбир давомида ноқонуний фаолият олиб бораётган “тадбиркор”нинг сири очилди.

Фуқаролар – С.Х. ва Қ.Д. қалбаки акциз маркалар билан елимланган, 0,5 литр сиғимдаги 300 дона қўлбола усулда қадоқланган “Қаратау” ёрлиқли алкоголь маҳсулотини харидорга 4,6 миллион сўмга сотаётган вақтида ушланди. Ушбу маҳсулотлар фуқаро Қ.Д.нинг уйида ташкил этилган “яширин цех”да тайёрлангани аниқланди. Унинг яшаш манзилидан яна 107 дона қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулоти, уларни ишлаб чиқаришда фойдаланилган асбоб-ускуна ва бошқа товарлар ашёвий далил сифатида олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан С.Х. ва Қ.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА