Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 14 январдаги “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, партиянинг Элликқалъа тумани Кенгаши ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда «Биз ақл-идрокли оилалармиз!» шиори остида мактаб ўқувчилари ўртасида спортнинг шахмат-шашка тури бўйича мусобақа бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда шахматни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, уни оммавий спорт турига айлантириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал ва маданий ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш доимий эътиборда. Бунда давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Мусобақани ўтказишдан асосий мақсад, болалар ва ўсмирларнинг шахмат билан шуғулланишга қизиқишини ошириш, уни янада оммавийлаштиришдан иборат.

Мазкур мусобақа дарҳақиқат, спортнинг ушбу турига қизиқадиган ўқувчиларнинг кўп эканлигини кўрсатди. Тумандаги 22-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган биринчи босқичида юз нафардан ортиқ  ўқувчи иштирок этган бўлса, шундан 42 нафари кейинги босқичга йўлланма олди.

Ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

 

Довуд Абибуллаев,  ЎзА