Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Хўжайли тумани бўлими ва Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида танишлари орқали ишга жойлаштириш учун 500 АҚШ долларини талаб қилган фуқаро ушланди.

Бу ҳақда департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси матбуот хизмати ЎзА мухбирига маълум қилди.

Фуқаро Д.Д.нинг аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбир давомида маълум бўлганидек, фуқаро О.Х. унинг ишончига кириб, коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарининг бирига ишга киритиб беришни ваъда қилган. Ушбу фуқаро 2021 йил 4 февраль куни соат 16:34 чамасида Нукус шаҳридаги автотураргоҳда ариза муаллифидан фирибгарлик йўли билан талаб қилинган пулни олаётган вақтида ушланди. Ундан кимёвий ишлов берилган 500 АҚШ доллари ашёвий далил тариқасида олинди.

Мазкур холат юзасидан фуқаро О.Х.га нисбатан департаментнинг Хўжайли тумани бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, иш Хўжайли тумани прокуратурасига юритувига ўтказилди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА