Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ташаббуси билан Нукус шаҳридан 450 километр узоқда жойлашган Қўнғирот тумани “Қорақалпоғистон” шаҳарча фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашув ташкил этилди.

“ДХМ-Маҳалла-Фуқаро” тамойили асосида ташкил этилган тадбирда туман Давлат хизматлари маркази ва ФҲДЁ бўлимининг мутахассислари иштирок этди.

Ҳудудда 3265 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад, аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда янада қулайлик яратиш, уларнинг ҳаётидаги муаммоларни ўрганиш ва жойида ҳал этишдир.

 

 

Учрашувда мутахассислар давлат хизматлари соҳаси қонунчилигидаги ўзгаришлар, ахборот-технологиялари ёрдамида кўрсатилаётган хизматлар ва уларнинг афзалликлари тўғрисида батафсил ҳуқуқий тушунчалар берилди. Ҳудуд аҳолисининг муаммолари, фикр-мулоҳазалари тингланди. Мурожаатларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ижобий ечимини топди. Айримларининг бажарилиши назоратга олинди. Туман марказига бориш имконияти бўлмаган Азатов ва Досановлар оиласи ФҲДЁ бўлими мутахассислари томонидан никоҳдан ўтказилиб, гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.

Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи К.Артиқов шаҳарча фуқаролар йиғинидаги 56-сонли умумтаълим мактабининг ўқувчилари билан учрашиб, уларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Юқори синфда ўқийдиган тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ўқувчилар иштирокида семинар ташкил этилди.

 

 

Ўтган йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлари форумида таъкидланганидек,  “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшни бириктириш юзасидан хайрли ташаббус кўплаб тадбиркорлар томонидан қўллаб-қувватланди. Ёшлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлашда солиқ ва бошқа имтиёзларни бериш юзасидан қарор қабул қилиниши режалаштирилган. Шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури орқали ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун кредит маблағлари йўналтирилиши уларга қаратилаётган катта эътибор намунасидир.

 

 

Семинарда бўлажак тадбиркорларга рўйхатдан ўтиш тартиб-қоидалари, бериладиган имтиёзлар бўйича тушунчалар берилди. Ўқувчи-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.

Шу куннинг ўзида аҳолига 120 дан зиёд хизмат тури кўрсатилди ва ҳар бир соҳага оид буклетлар тарқатилди. “Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди” шиори остида кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳол-аҳволидан хабар олиниб, бошқарма томонидан совғалар топширилди.

Оролбўйининг энг чекка ҳудудида жойлашган шаҳарча фуқаролар йиғинида ўтказилган тадбир фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларнинг доимо давлатимиз эътиборида эканлигини ҳис этиб яшашларида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг хайрли ташаббуси келгусида ҳам давом этади.

 

Довуд Абибуллаев,  ЎзА