Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида Хитой Халқ Республикасининг TIANJIN KAITENG INVESTMENT GROUP CO. LTD. компанияси вакили профессор Ванг Венджие билан онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда Қорақалпоғистон Республикасида «Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш парки – кўп тармоқли кластер» ташкил этиш лойиҳасини жадаллаштириш масаласи кўрилди.

Лойиҳа доирасида чорвачилик фермалари, тажриба хўжаликлари, ем ишлаб чиқариш фабрикалари, ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчалар фабрикаси, минерал ўғит ва пестицидлар ишлаб чиқариш заводи, кушхона, озиқ-овқат фабрикалари, терини қайта ишлаш заводи, логистика ҳамда савдо тармоқлари қурилиши режалаштирилган.

Бунинг учун Кегейли туманидан ер ажратилиб, Хитойдан озуқа экинлари уруғини юртимизга олиб келиш бўйича ташкилий ишлар амалга оширилмоқда. Лойиҳа 2021-2024 йилларга мўлжалланган. Умумий қиймати 90 млн. АҚШ доллари бўлиб, 450 дан зиёд ишчи ўрин яратилиши билан аҳамиятли. Агар лойиҳа тўлиқ қувватда иш юритса, жами 20 минг бош йирик шохли мол парвариш қилиниши билан бирга йилига 5 млн. бош Пекин ўрдаги ва 500 тонна истеъмол қисқичбақаси етиштирилади.

Музокара якунида ўзбек-хитой ишчи гуруҳи шакллантирилиб, Чин делегацияси келгунга қадар лойиҳани амалга оширишнинг дастлабки босқичини бошлашга келишилди.

 

Ветеринария ва чорвачиликни

ривожлантириш давлат қўмитаси

Ахборот хизмати