Мактабгача таълим вазирлигида болаларга робототехника ва дастурлаш кўникмаларини ўргатишга мўлжалланган “Albert” ва “Genibot” ақлли роботлари тақдимоти ва уларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Корея Республикасидан келган ҳамкорлар Ўзбекистоннинг МТТ учун 275 та робот ва 350 та ўқув қўлланма совға қилди.

Тадбир Мактабгача таълим вазирлиги, Корея робот саноатини ривожлантириш институти (KIRIA), Корея ўқитувчилар уюшмаси, шунингдек, “FRG Korea”, “Dazzle Edu”, “Genie Robot” ва “SK Telecom” компаниялари вакиллари иштирокида онлайн тарзда ўтказилди.

– Дунё ахборот даврига қадам қўйди. Дастурий таъминот билан ишлаш, компьютерлар тилида сўзлашиш оддий кўникмага айланиб бораверади, – дейди Мактабгача таълим вазирлиги ҳузуридаги Ахборот ва педагогик технологиялар инновацион маркази директори Оятилло Раҳматиллаев. – Биз болаларимиз эгаллаётган кўникмалар замон талабларига жавоб беришини истаймиз. Болаларга робототехника сабоқлари мураккаб кодлар ёки шунга ўхшаш мураккаб усуллар билан эмас, енгил ўйинлар шаклида ўргатилиши тарафдоримиз. Бола роботлар билан дўстлашиш жараёнида унинг бажараётган функцияларини кузатади ва таҳлил қилишга уринади. Бу эса уларнинг алгоритмик фикрлаш қобилияти ривожланишига хизмат қилади.

“Albert” ва “Genibot” роботлари 6 ёшдан катта тарбияланувчиларга мўлжалланган бўлиб, биринчи босқичда бола тайёр кодлаш карталари ёрдамида ўйинчоқни ҳаракатланишга, кўзини милтиратишга, гапиришга мажбур қилади. Шу тарзда у код блокларининг қандай ишлашини тушуниб олади. Ёши катта болалар роботни смартфонга улаб, ўз буйруқлари ва алгоритмларини яратиши мумкин.

Таҳлилларга кўра, роботларга асосланган ўқитиш дастури Корея республикасида яхши натижалар кўрсатган. У ерда ҳукумат кўмагида бутун мамлакат бўйлаб минглаб ўқувчиларни қамраб олган 140 та синф очилган. Франция, Испания, Коста-Рика ва Перудаги мактаблар  ва болалар боғчаларида ҳам шу каби пилот дастурлари ишга туширилган.

– Келажак робототехника ва автоматлаштирилган саноатга тегишли бўлади,  – дейди “KIRIA” компанияси президенти Чонил Мун.  – Биз Ўзбекистонда ушбу тараққиётга дахлдор эканлигимиздан мамнунмиз. Корея ва Ўзбекистон нафақат робототехника соҳасида, балки инновация соҳасида ҳам самарали ҳамкорлик қилишига умид қиламиз.

Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаеванинг сўзларига кўра, “Albert” ва “Genibot” роботлари юртимиздаги 53 та мактабгача таълим ташкилотига тақсимланади. Жойларда ўқитиш ва пилот лойиҳаси натижаларини мониторинг қилиш ишлари вазирлик ҳузуридаги Ахборот ва педагогик технологиялар инновацион маркази томонидан олиб борилади.

Пилот лойиҳаси муваффақиятли якунланса, янада кўпроқ болалар боғчалари ақлли роботлар билан таъминланади. Шунингдек, уларнинг иш функциялари имкониятлари чекланган болалаларга мўлжалланган дастур билан тўлдирилади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА