АҚШдан ташриф буюрган 27 нафар инглиз тили ўқитувчиси 10 февралдан Ўзбекистон мактабларига йўл олади.

Гуруҳдаги етти киши эса «English Speaking Nation” дастури доирасидаги «Мураббий-тренерлар» номли тажриба лойиҳасида қатнашади. Лойиҳадан кўзланган мақсад Ўзбекистон ўрта мактабларидаги чет тили ўқитувчиларига касбий ривожланиш ва малака оширишда амалий ёрдам беришдир.

– Президентимиз парламентга қилган Мурожаатномасида чет тилларини ўрганишни бу йилги устувор вазифалардан бири, дея таъкидлади, – дейди халқ таълими вазири Ш.Шерматов.– Чет тиллар бўйича инглиз тили етакчи ўринда турганлиги боис, жойларда инглиз тилини ўргатишни янада яхшилашга кўмаклашиши учун биз АҚШдан мутахассисларни таклиф этдик. Ёшларимиз инглиз тилини чуқур билиши мумкин, аммо ҳали уларнинг талаффузларида хатоликлар бор.Инглиз тилини ўрганган,ахборот технологиясини чуқур ўзлаштирган бола келажакда рақобатбардош кадр бўлиб камолга етади ва унда муваффаққиятга эришиш имкониятлари кўп бўлади.

Икки мамлакат ўртасида имзоланган таълим тараққиётига кўмаклашиш бўйича келишувга биноан Қўшма Штатлар олий ўқув юртлари ҳамда Марказий Осиё университетлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитиш учун молиявий кўмак дастурларини кенгайтириш кўзда тутилган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА